Жамият | 11:22 / 24.06.2020
26618
3 дақиқада ўқилади

Коронавирусга қарши курашга жалб этилган тиббиёт ходимларига қўшимча тўловлар берилмаяпти(ми?)

Kun.uz таҳририятига 10-сонли Яккасарой тумани тез тиббий ёрдам бўлимининг коронавирус инфекциясига қарши ташкил этилган махсус бригадаси врачи Бахронов Шерали Мухиддиновичдан қўшимча тўловлар тўланмаётгани борасида мурожаат келиб тушди.

Тиббиёт ходими ўз мурожаатида қуйидагиларни маълум қилади:

«2020 йилнинг 31 мартидан 20 июнигача коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқотда бўлиб, уларни Вирусология клиникаси, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникаси, ТТА 2-клиникаси, 1-сонли шаҳар клиник шифохонаси ҳамда Терапия ва реабилитация илмий-амалий текшириш марказига бевосита ётқизишда иштирок этдим. Аммо, Президентимизнинг 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969 сонли Фармони хамда 2020 йил 26 мартдаги ПК-4652 сонли қарори ва Республика Махсус комиссиясининг 2020 йил 30 апрелдаги 20-сонли йиғилиш баённомаси билан тасдиқланган вақтинчалик низомга асосан ҳалигача 6 фоизлик қўшимча тўлов ва махсус тўловни ололганимиз йўқ».

Шунингдек, у мазкур масалада Президент порталига икки марта мурожаат килганини, бироқ ҳеч қандай ижобий натижа бўлмаганини таъкидлади.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сонли Фармонининг 17-бандида Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда тиббиёт, санитария-эпидемиологик ва бошқа ходимлар коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинадиган даврда уларнинг ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар жорий қилиш топширилган эди.

Бундан ташқари, президентнинг 2020 йил 26 мартдаги ПҚ-4652-сонли қарорида коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган врач ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун 25 миллион сўм (солиқлардан ташқари) махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови амалга оширилиши белгиланганди. Шунингдек, қарорда мазкур харажатлар Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши назарда тутилган эди.

Ҳозирча ушбу вазият бўйича расмий идоралардан изоҳ олиб бўлмади.

Умид қиламизки, масъул идоралар тез орада бу масалага эътибор қаратиб, коронавирусга қарши курашга жалб қилинган тиббиёт ходимларига қўшимча ва махсус тўловлар тўланишини таъминлаб беришади.

Аббос Салайдинов

Мавзуга оид