Энди инсон ҳақида.
Тасарруфида мулки бўлган инсон ўзини мулкдор деб ҳис этади. Бу эса ўзгача, шарафли мақом. Айнан шундай – шарафга эга кишилар жамияти етук жамият бўлади ва улкан ишларга қодир бўлади.
Мавзуга ўтамиз.
Куни-кеча Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Мазкур қонун лойиҳасининг 3-моддасида «ушбу Қонун кучга кирган кундан бошлаб деҳқон хўжалиги учун ер участкаларини мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан ажратиш тартиби бекор қилиниши» айтилади.
Ана холос! Биз бозор муносабатларини ҳар бир жабҳада ривожлантириб, бунинг асоси бўлмиш мулкчилик (эгалик) институтларини қарор топтириш йўлидан бормаётганмидик? Нега энди қонунларга бундай ўзгартишлар киритиб, яна ортга қадам ташламоқчи бўляпмиз – соҳадаги эгаликнинг оз бўлса-да мавжуд кўринишларига ҳам путур етказмоқчимизми?
Ҳа, амалдаги қонунчилигимизга мувофиқ мамлакатимизда экин ерлар давлат мулки ҳисобланади – бу бизга совет иттифоқидан мерос. Нари борса, баъзи ерлар умрбод фойдаланишга берилган бўлиб, ўша «баъзи» ерлар – асосан деҳқон хўжаликларига берилган ерлар. Аммо, ҳаёт бир жойда тургани йўқ – биз ислоҳотлар йўлида одимлаяпмиз, ҳар бир нарсани ҳақиқий эгасига топширишга уриняпмиз.
Гарчи бу – мамлакатимиз экин ерларининг атиги 11,3 фоизини ташкил қилувчи ерлар деҳқонларнинг хусусий мулки деб ҳисобланмаса-да, деҳқон тили билан айтганда «умрбодга» берилгани учун деҳқонлар ўзларини ер, яъни мулк эгаси, деб ҳис қилишади, айнан шу учун ҳам узоқ муддатли режалар қилишади, оилаларининг келажагини шу ер билан боғлашади.
«Ўзларини мулк эгаси деб ҳис қилишади», дедик. Тил учун бу шунчаки икки оғиз гап. Аммо чуқурроқ қарайдиган бўлсак, бу сўзларда катта мазмун топамиз. Ўзини ер эгаси деб ҳис қилган киши қалбида келажакка ишонч, онгида эса узоқ муддатли режалари тузилган бўлади. Бу эса ўта муҳим – эртасига ишончи ва режалари бўлмаган одам юрти учун жон куйдирадими, лоақал атрофини йиғиштирадими? Йўқ! Амримаҳол бу!
Ўзи яшаб турган замини билан мулк орқали боғланмаган инсонда Ватан туйғуси ҳам, Ватанида бўлаётган жараёнларга нисбатан муносабат ҳам «ўзига яраша» бўлади.
Қишлоқ халқининг шаънига нисбатан баъзида ошкор, баъзида «қоғозга ўраб» салбий муносабат билдирилади. Эмишки, буларни мажбурламаса ишламайди, ерни зое қилади ва ҳоказо. Буни бироз мантиқан таржима қилсак, «буларни мажбурламасанг, бизни боқмайди» деган гап чиқиб келади... Муносабат нақадар абгорлигини ҳис қиляпсизми?
























