Қайд этилишича, "Ўзавтосаноат" АЖ ва "Фольксваген Групп Рус" МЧЖ ўртасида 2020 йил 2 март куни "Жиззах автомобиль заводи" МЧЖ негизида "Ўзбекистонда енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш" инвестиция лойиҳасида "Фольксваген" компаниясининг босқичма-босқич иштирок этишини назарда тутувчи ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланган.
"Ўзавтосаноат" АЖ, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлигининг инвестиция лойиҳасини амалга оширишни давом эттириш бўйича "Фольксваген" компанияси томонидан таклиф этилаётган ва қуйидагиларни назарда тутувчи концепцияни маъқуллаш тўғрисидаги таклифига розилик берилди:
а) биринчи босқичда 2020-2021 йилларда:
бозорни ўрганиш ҳамда маркетинг таҳлилини ўтказиш мақсадида "Фольксваген" ва "Шкода" маркаларидаги тайёр автомобилларни етказиб беришни ташкил қилиш;
"Фольксваген” компаниясининг юқори малакали мутахассисларини жалб қилган ҳолда "Жиззах автомобиль заводи" МЧЖ ходимларини йирик узелли автомобилларни йиғиш бўйича ўқитишни ташкил этиш;
"Фольксваген Кедди” моделини йирик узелли йиғишни ташкил этиш мақсадида бутловчи қисмларни етказиб бериш;
мамлакатнинг барча ҳудудларида дилерлик тармоғи ва сервис хизматларини кўрсатиш станцияларини ташкил этиш;
б) иккинчи босқичда 2022 йилдан бошлаб енгил тижорат автомобилларининг замонавий моделларини ишлаб чиқаришнинг тўлиқ циклини ўзлаштириш.
Қуйидагилар давлат харидларининг махсус ахборот порталида Молия вазирлиги томонидан шакллантириладиган Ягона етказиб берувчилар реестрига тегишлича киритилган ҳолда ягона етказиб берувчилар сифатида белгиланди:
иштирокчиси (акциядори) "Ўзавтосаноат" АЖ бўлган ишлаб чиқарувчи корхоналар - улар томонидан автомобиль саноати учун ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар бўйича;
автомобиль маҳсулотларининг асл ишлаб чиқарувчиси ёки лицензиари томонидан белгиланган ёки маъқулланган ёхуд тавсия этилган етказиб берувчи ташкилотлар - ушбу банднинг иккинчи хатбошисида кўрсатилган корхоналар учун товарларни (ишларни ва хизматларни) етказиб бериш бўйича;
автомобиль маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича ҳадли, лицензиявий, инвестициявий ёки бошқа битимлар, саноат намуналарини ишлаб чиқиш ва лойиҳалаш, автомобиль маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаларини амалга оширишда техник кўмак бериш тўғрисидаги битимларга мувофиқ автомобиль маҳсулотларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган товарлар (ишлар, хизматлар)ни етказиб берувчи ташкилотлар - ушбу банднинг иккинчи хатбошисида кўрсатилган корхоналар учун товарларни (ишларни ва хизматларни) етказиб бериш бўйича.







