«Мамлакатимизда узоқ йиллар давомида мазкур тармоқни тизимли ва илмий ёндашувларга асосланган ҳолда ривожлантиришга етарлича эътибор қаратилмади. Бу балиқчиликнинг имкониятларини чеклади, хўжаликларда ҳосил етиштириш қуввати камайишига сабаб бўлди. Ҳозирда балиқ етиштириш нафақат сердаромад соҳа, балки унинг ижтимоий аҳамияти катта эканлиги инобатга олиниб, бу билан шуғулланаётган қатор тадбиркорлик субъектларига давлат томонидан субсидия ва имтиёзлар жорий этилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ушбу саноат салоҳиятини ошириш, аҳоли таомномасини балиқ маҳсулотлари билан бойитиш, соҳага инновацияларни жорий этиш, тоғолди ҳудудларда интенсив усулда балиқ етиштириб, экспорт ҳажмини ошириш масалаларига кўп марта тўхталган. 2017 йилда «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси ташкил этилди. Республикада жами 4000га яқин балиқчилик хўжалиги фаолият кўрсатмоқда. Йилига 190 минг тонна инсон организми учун фойдали маҳсулот етиштириляпти», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Мамлакат ҳудудларида интенсив усулда балиқ парваришлаш корхоналари сони ҳам ортиб бормоқда. Жумладан, 2019 йилда Наманган вилоятида балиқ етиштириш 6 минг 932 тоннани ташкил этган бўлса, жорий йилга келиб бу кўрсаткич 20 минг тоннага етиши кутилмоқда.

2018 йилда президент Шавкат Мирзиёевнинг ушбу вилоятга ташрифи давомида лойиҳа сифатида тақдимот қилинган «DB Group Eco» корхонаси 2019 йилда ўз фаолиятини бошлади. Амалга оширилган лойиҳа қиймати 40 миллиард сўм бўлиб, шундан 28 миллиарди банк кредити, 12,5 миллиарди эса лойиҳа ташаббускори маблағидир.

Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 1500 тонна балиқ маҳсулотини ташкил қилади. Бу ерда Европа тажрибасига асосланган ҳолда балиқнинг ноёб турлари, форель ва лосось балиқларини интенсив усулда етиштириш йўлга қўйилган. Балиқ увилдириқлари ва озуқаси Дания ва Германиядан келтирилади.

Асосан чучук  ва кислородга тўйинган сувларда яшайдиган, совуқсевар ушбу балиқ турларини етиштириш учун корхона ҳовузларига сув Норин дарёсининг ўзидан қуйилади ва сув айланма оқим билан яна дарёнинг ўзига қайтади. Бунда ортиқча сув ва энергия ресурси сарфланмайди.