Ўзбекистонда матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни айнан 27 июнь санасида нишонланишининг ўз моҳияти бор. Бундан 114 йил аввал – 1906 йилда маърифатпарварлар вакили Исмоил Обидий томонидан Туркистон ўлкасидаги илк газета – «Тараққий»га асос солинди. Газетанинг атиги 20 сони чиқиб, рус ҳокимияти томонидан ёпилган бўлса-да, халқни маърифатли қилиш, сиёсий эркинликка интилиш, таълимни ривожлантириш ҳаракати учун бошланғич нуқта бўлиб хизмат қилади.

Kun.uz миллий матбуотнинг шаклланиши ва шўро тузуми томонидан таъқиб этилиши, 72 кун яшаган Туркистон мухторияти, зиёлилар қатағони ҳақида тарихчи Баҳром Ирзаев билан суҳбатлашди.

«Тараққий» – жадид ва миллий матбуотнинг отахони

Жадид матбуоти отахони 1906 йилда Исмоил Обидий томонидан таъсис этилган «Тараққий» газетаси ҳисобланади. Газетанинг жуда машҳур бўлиб кетган биринчи сонида «Тошкент. 14 июнь» мақоласи чоп этилган бўлиб, унда муҳаррир нашрнинг мақсади ва вазифаси ҳақида тушунтириш беради. «Туркистон эли ўз мақсадларига эришиши учун энг аввало ички низоларга барҳам бериши керак», деб ёзади Обидий.

«Тараққий»да тўғридан тўғри сиёсий руҳдаги мақолалар берилган эмас. Чунки муҳаррир аввалданоқ сиёсий мавзуларга аралашмайман, деб расмийларга сўз берган эди. Аммо газетанинг кейинги сонларида сиёсат билан боғлиқ масалалар ҳам кўтарилади. Хусусан, Фансуроллоҳ Худоёрхон муаллифлигидаги мақолада «эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандларини ўқитиш учун хайрия жамиятлари тузилиши керак», деган фикр ўртага ташланади.

Баҳром Ирзаев

Жадидларнинг кўзга кўринган намояндаларидан бири Мунавварқори Абдурашидхонов «Бизнинг жаҳолат – жаҳли мураккаб» сарлавҳали мақоласида халқ орасидаги бидъат, хурофот одатлари таназзулга хизмат қилаётганини таъкидлайди.

Аммо газета кўп яшамайди – турли чақув ва бўҳтонлар оқибатида, 20та сони чиққач ёпилади, муҳаррир эса қамоққа олинади.

Шу йилнинг декабрь ойида Мунавварқори Абдурашидхонов «Хуршид», Абдулла Авлоний «Шуҳрат», Аҳмаджон Бектемиров «Осиё» газеталарини ташкил этиб, йўлга қўйишади. Аммо уларнинг барчаси 5-6та сони чиққач, фаолияти тўхтатилган. Газеталар сақланиб қолмаган.