Муҳтарам дўстлар!

Барчангизни 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан чин қалбимдан самимий табриклаб, сизларга ўзимнинг юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдираман.

Фурсатдан фойдаланиб, жаҳон миқёсида юз берган пандемия туфайли вужудга келган бугунги мураккаб вазият ва қийинчиликларга қарамасдан, аҳолига тезкор ва ишончли ахборот етказиб бериш, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни атрофлича акс эттириш йўлида ўз профессионал бурчини сидқидилдан адо этиб келаётган сиз, журналистлар аҳлига чуқур миннатдорчилик билдираман.

Ҳурматли оммавий ахборот воситалари ходимлари!

Сизларга аёнки, мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришда ахборот соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ва ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Кейинги уч йилда бу борада ўндан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилингани ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Хусусан, «Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарорига мувофиқ бу соҳада янги тизим яратилди.

Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш мақсадида ўтган бир йил давомида кўплаб вазирлик ва идораларда ахборот хизматлари замон талаблари асосида қайтадан, 201та туман ва шаҳар ҳокимликларида эса биринчи марта ташкил этилди.

Ана шу хизматлар томонидан ижтимоий жараёнлар ҳақида ишончли ахборот бериш мақсадида матбуот анжуманлари, брифинглар, медиатурлар ташкил этилмоқда, ҳаётимиздаги муаммо ва ҳодисаларга тезкор муносабат билдирилмоқда, уларнинг веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар, мобиль мессенжерлардаги саҳифалари янгилаб борилмоқда.

Охирги йилларда мамлакатимизда катта аудиторияга эга бўлган қарийб 290та хусусий ва идоравий Интернет нашрлари ташкил этилди. Улар бошқа материаллар қаторида энг муҳим расмий ахборотлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўзбек, рус ва инглиз тилларида тарқатмоқда.

Энг асосийси, оммавий ахборот воситалари мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгариш ва янгиланиш жараёнларини ҳар томонлама таҳлил қилиб, жойлардаги ижтимоий муаммолар, хато ва камчиликларга давлат идоралари ва жамоатчилик эътиборини қаратаётганини алоҳида қайд этиш лозим.