Kun.uz'да ҳаёт қийинчиликларини кўрган бир неча аёлларнинг ҳикоясини ўқиган бўлсангиз керак. Ҳа, аёллар эркакларга қараганда сабрлироқ бўлишади, ҳар нарсани ҳам ташқарига чиқаравермай, ичга ютишади. Умид қиламиз, бундай инсонларнинг ҳикояси инсонларни шукр қилишга, атрофдагиларга ёрдам беришга ундайди. Биз фақат хабаримиз бўлган мураккаб тақдирларнигина ҳикоя қилиб, сизга илиняпмиз. Аслида орамизда уларнинг сони шунчалик кўпки...
Бу галги ҳикоямиз қаҳрамони бири 15, бири 13 ёшли болаларнинг онаси. Қўчқорова Гулноза Хоразм вилоятининг Гурлан туманидан. Бугун тақдир тақазоси билан Самарқанд вилоятининг Ургут туманида яшаяпти. Мусофирликда улғайиб қолган икки фарзандини боқиш ва уларга яхши келажак бериш учун ҳаракат қилмоқда. Мусофир онанинг ҳикоясига қулоқ тутсак.
«Ургут иккинчи ватаним бўлади деб ўйламагандим»
«Аввало Ургут ҳақида гапирадиган бўлсам, бу ер менга бегона эмас. Болалигимда онам Ургутга гуруч сотгани келар ва мен мактабдан таътил берилган пайтлар унга қўшилиб тез-тез келиб турардим. Ўшанда қачонлардир Ургутни иккинчи ватан тутишим ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаганман.
Отам ёшлигимда вафот этиб онам уч қиз билан ёлғиз қолган. Кейинроқ онам яна турмуш қурди. Мактабни битиришим билан онам мени узатиб юборди. Ўшанда ёш, ҳаётнинг аччиқ-чучугини татиб кўрмаган пайтларим эди. Олдинма-кетин икки фарзандим туғилди. Бу орада эрим билан Ургутга гуруч олиб келиб сота бошладик. У вақт қайнота-қайнонам билан бирга турардик».
«Уйимизга ўт тушди...»
«Ургутда гуруч сотар эканмиз моддий аҳволимиз яхшиланиб борди. Бу орада эрим ичиб, ёмон йўлларга юра бошлади ва оиладан барака кўтарилди. 2012 йил декабрнинг охирида эр-хотин бозорда эканимизда ижарада яшаётган уйимизда ёнғин чиқади. Ўшанда фарзандларимни ўйлаб бозордан ижара уйга қандай етиб борганимни билмайман. Борсак ўт ўчирувчилар болаларимни соғ-омон олов ичидан қутқариб чиқишган экан. Ёнғинни ҳам ўчиришди.
Шундан сўнг уй эгаси бўлган ижарачи зарарни тўлаймиз деганимизга қарамай, бизни судга берди. Унинг аризасига гарчи уйига зарар етмаган бўлса ҳам бир-икки қўшнилар ҳам қўшилган. Биз бошқа ижара уйга кўчиб ўтдик. Ёнғин содир бўлганидан бир ҳафта ўтиб, 2013 йилнинг январь ойида эрим «Онамнинг мазаси қочибди, бориб хабар олиб, тезда қайтиб келаман», деб Ургутда ижарада яшаётган уйимиздан чиқиб кетгунича қайтиб келмади. Ургутда икки болам билан ёлғиз қолиб кетдим.
Бу орада ёнғин иши судда кўрилди, уй эгаси ва унинг қўшниларига ўша пайтда жуда катта сумма тўлашимиз кераклиги ҳақида ажрим чиқди. Ёнимда эрим йўқ, қўлимда пулим ҳам қолмаганди. Гуруч бозордаги танишларим жонимга оро кириб, қарз бериб туришди.

















