Сенат қўмиталари ва масъул вазирлик мутасаддилари қатнашган муҳокама аввалида қонуннинг янги таҳрири нега керак бўлаётганига тўхталиб ўтилди.
Унга кўра, 1998 йилда қабул қилинган амалдаги «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги қонун меҳнат бозорининг ҳозирги ҳолатига мос келмайди.
У тадбиркорликни рағбатлантириш, ўзини-ўзи банд қилиш ва ишсизларни касб-ҳунарга ўқитишни ўзида акс эттирмаган. Шунингдек, амалдаги қонун меҳнат ва бандлик соҳасидаги чуқур илдиз отган муаммоларни ҳал қилолмаяпти.
Шулардан келиб чиқиб, янги қонунда бир қатор янгиликларни кўриш мумкин. Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Эркин Гадоев бу янгиликларни санаб ўтди.

«Биринчидан, қонун номи ўзгарди. Бунда унинг номи ҳам, мазмуни ҳам бугунги кунга мосланди. Биз эскириб қолган терминларни янгисига алмаштирдик.
Янгиликлардан яна бири – қонуннинг тўғридан тўғри амал қилиш принципи. Чунки амалдаги қонун ҳажман жуда кичкина эди ва асосий масалалар қонуности ҳужжатлар билан тартибга солинарди. Бу жуда ноқулай эди, чунки қонуности ҳужжатлари вазирлик ва идоралар учунгина қабул қилинади. Қонун дегани ҳамма учун баробар ва очиқ бўлиши керак», – деди у.
Гадоевга кўра, «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги янги қонунда аввалги қонунда ишламаган меъёрлар чиқариб ташланган.
«Янги қонунда ўз-ўзини банд қилган аҳолини солиқ ва имтиёзлар билан қўллаб-қувватлаш кучайтирилмоқда. Энди ўзини ўзи банд қилган аҳоли онлайн тарзда солиқ идораларини хабардор қилиб фаолиятини давом эттиравериши мумкин. Бу каби фаолияти турлари ҳозир 67та ва у яна кенгайиши кутилмоқда», – деди қўмита раиси.
Тадбир якунида Kun.uz’га интервью берган сенатор Малика Қодирхонова амалдаги ва янги қонундаги асосий фарқлар борасида Гадоевнинг маълумотларига қўшимча равишда қуйидагиларни гапириб берди.

«1998 йилда қабул қилинган «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги қонун 35 моддадан иборат, янги қонун эса 129 моддадан. Табиийки, янги қонун кўпроқ масалаларни ўзида акс эттирган.
Яна бир фарқ: амалдаги қонунда ишсизлик нафақалари энг кам иш ҳақидан иборат, янги қонунда эса меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан бошланмоқда. Бу 634 880 сўмдан юқорироқни ташкил қилади.
















