Ишга арматурачилар, дурадгорлар, қурилиш муҳандислари, кран ва станок операторлари таклиф этилмоқда.

Хусусан, 50 нафар арматурачи ва 50 нафар дурадгор учун ойига 1000 евродан маош белгиланган. Шунингдек, 5 нафар қурилиш муҳандисига 1500 евро, 5 нафар кран оператори ва 10 нафар станок операторига 1200 евродан маош таклиф қилинмоқда. Кўрсатилган маблағлар ходимнинг қўлига тегадиган маош ҳисобланади.

Номзодлар тегишли йўналиш бўйича касб-ҳунар таълимига ва камида 5 йиллик иш тажрибасига эга бўлиши керак. Инглиз тилини бошланғич даражада билиш талаб этилади, рус тилини билиш эса устунлик беради.

Шунингдек, номзод судланмаган, жисмонан соғлом, масъулиятли ва жамоада ишлаш қобилиятига эга бўлиши лозим. Қурилиш муҳандислари учун қурилиш (фуқаро муҳандислиги) факультетини тамомлаган бўлиш, кран операторлари учун эса баландликда ишлай олиш талаби қўйилган.

Иш ҳафтаси беш кунлик бўлиб, иш вақти соат 7:00 дан 17:00 гача давом этади. Меҳнат шартномаси камида бир йилга тузилади ва кейинчалик уни узайтириш имконияти мавжуд.

Иш берувчи ходимларнинг иш визаси ва ишлаш рухсатномасини расмийлаштириш, Ўзбекистондан Сербияга бориш йўл харажатлари, аэропортдан яшаш жойигача трансфер, турар жой ҳамда тиббий суғуртани ўз зиммасига олади. Ходимлар кунига икки маҳал овқат билан ҳам таъминланади.

Вакансияларга номзодлар 20 августга қадар рўйхатдан ўтиши мумкин. Иш берувчи билан онлайн суҳбатлар эса 2026 йил 25–28 август кунлари ўтказилиши режалаштирилган.