Спорт | 17:37 / 03.07.2020
9565
3 дақиқада ўқилади

«Кимнингдир ўғлини ишга олишимиз мумкин эди» – Диёр Имомхўжаев ПФЛ атрофидаги можароли саволларга жонли эфирда жавоб беради

Фото: KUN.UZ

Профессионал футбол лигаси директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев бугун «Спорт ТВ»да жонли эфирда чиқиш қилишини маълум қилди. Бу ҳақда мутахассис ўзининг телеграм-каналида пост қолдирган.

«Бугун соат 19:00да «Спорт ТВ» каналида чиқиш қилиб, «Шердор» ва «Иттифоқ-Навоий» клублари нима учун Биринчи лигадан четлаштирилганини тушунтираман. Клуб мураббийи (яъни «Шердор» мураббийи) Бахтиёр Сатторовнинг ижтимоий тармоқларда берган баёноти ва ундаги чалкаш фикрларини конкретлаштираман.  

Кеча Муборакда «Бухоро» ва «Металлург» ўйини нима сабабдан ўтказилди-ю, нега энди «Машъал»нинг «Пахтакор»га қарши ўйини сурилди – бу борада ҳам тушунтириш бераман. Алишер Никимбаевнинг ПФЛ ҳақидаги кетма-кет чиқишлари борасида саволлар бўлса, уларга ҳам жавоб қайтараман. ПФЛ ҳамма саволлар ва мавзулар учун очиқ.

P.S. Агар бир инсон ЎФА ҳақида фақат илиқ, ЎзПФЛ ҳақида фақат салбий фикр бераётган бўлса, бу ерда нимадир бузилган. Буни тўхтатиш учун биз ҳам кимнингдир ўғлини ишга олишимиз мумкин эди, аммо биз танқидлардан қўрқадиган ташкилот эмасмиз. Ҳеч бир манфаатларсиз ва ғаразларсиз бизни танқид қилаётганларни эса қўллаб-қувватлайман, улар тўғри йўлдалар», деган Диёр Имомхўжаев ўз каналидаги постда.

Олдинроқ Самарқанднинг «Шердор» клуби бош мураббийи Бахтиёр Сатторов клуб аъзолик бадалини тўлаган бўлишига қарамай, Биринчи лигадан четлатилгани ҳақида фикр билдириб, ПФЛнинг қарорига қаршилик билдирган ва бу борада ЎФА вице-президенти Равшан Эрматовдан изоҳ кутишини маълум қилганди.

Кейинчалик таниқли футбол мутахассиси Алишер Никимбаев Муборак ҳамда Наманган «қизил» ҳудуд бўлганига қарамай, у ерларда Суперлига ўйинлари ўтказилгани, лекин Бекобод «қизил» ҳудуд бўлгани учун «Металлург» ўз майдонида «Локомотив» билан ўйнай олмагани тушунарсиз ҳолат эканини айтиб, клублар бадал тўлашдан воз кечмагунча, ПФЛ мантиқсиз қарорлар чиқаверишини айтганди.

Маълумот учун, Диёр Имомхўжаев 26 майдан ПФЛ директори вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаб келади. У ўз аризасига кўра вазифасидан озод этилган Даврон Шоёқубовнинг ўрнини эгаллаган. Диёр Имомхўжаев Ўзбекистон ДХХ раиси ва айни дамда ЎФА президенти Абдусалом Азизовнинг тақдимига биноан ПФЛ директори вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланган.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид