https://ok.ru/videoembed/1565975841471

Туркманистон давлат ахборот агентлиги хабарига кўра, йиғилишда жорий йилнинг олти ойи давомида иқтисодий комплекс тармоқларини ривожлантириш якунлари сарҳисоб қилинди, тегишли ҳисоботлар тингланди ва бажарилган ишлар баҳоланди, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг бажарилиши муҳокама қилинди, йилнинг иккинчи ярмидаги устувор вазифалар белгилаб олинди ва кадрлар масалалари кўриб чиқилди.

Хусусан, Бердимуҳаммедовнинг фармони билан Баҳоргул Абдиева бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари лавозимидан озод этилди.

Туркманистон раҳбари Меҳрижамол Мамедовани ҳукуматда маданият ва оммавий ахборот воситалари соҳасидаги фаолиятини назорат қилувчи бош вазир ўринбосари этиб тайинлади.

Арслон Аширов Телевидение, радиоэшиттириш ва кинематография давлат қўмитаси раиси этиб тайинланди. Ушбу лавозимга тайинлангунга қадар А. Аширов Туркманистон давлат ахборот агентлиги раисининг ўринбосари бўлиб ишлаган.

Телевидение, радиоэшиттириш ва кинематография давлат қўмитасининг собиқ раҳбари Нурмамет Гарлиев ишидаги жиддий камчиликлар учун эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Туркманистон президентининг фармонига кўра, Туркманистон молия ва иқтисодиёт вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаб келган Муҳаммадкелди Сардоров Туркманистон молия ва иқтисодиёт вазири этиб тайинланди.

Вазирликнинг собиқ раҳбари Азизгелди Аннамуҳаммедов бошқа ишга ўтганлиги сабабли эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Шунингдек, Ботир Омонов «Туркманбоши» нефтни қайта ишлаш комплекси бош директори лавозимидан озод қилинди ва Туркманистоннинг Давлат вазири - Türkmengaz давлат концерни раиси этиб тайинланди.

Ушбу лавозимда бўлган Мурод Арчаев йўл қўйилган камчиликлар учун ишдан бўшатилди.