Жаҳон | 11:45 / 05.07.2020
23680
2 дақиқада ўқилади

Путиннинг жияни номзоди коррупцияга қарши партия раиси лавозимига илгари сурилди 

Россия президенти Владимир Путиннинг жияни Роман Путин “Халқ коррупцияга қарши” (Народ против коррупции) партиясига раҳбарлик қилиши мумкин. Унинг номзодини бу лавозимга партиянинг сиёсий кенгаши тавсия қилган.

Роман Путиннинг партия раҳбариятидаги фаолияти бўйича қарор партиянинг 5 июлдаги қурултойида қабул қилиниши керак.

Путиннинг жияни партияга 2020 йил 21 июндагина қабул қилинган. Партия унинг келиши билан ўз ривожланиши, аксилкоррупциявий фаолияти ҳамда ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишида янги туртки олишини кутмоқда.

Роман Путин март ойида “Коммерсант” нашрига берган интервьюсида февралда ташкил этилган “Люди дела” ҳаракати негизида ўз сиёсий партиясини ташкил этмоқчилигини маълум қилган. У янги партиянинг бош мақсади давлат думасига кириш бўлишини айтган.

42 ёшли Роман Путин Владимир Путиннинг амакиваччаси Игорь Путиннинг ўғли бўлиб, Федерал хавфсизлик хизматида тезкор ходим бўлиб ишлаган, 2012 йил бошида Новосибирск области губернатори маслаҳатчиси этиб тайинланган ва кўп ўтмай, 2013 йилдаёқ бўшатиб юборилган. Роман Путин 2014 йилда Лондонда Putin Consulting Ltd. компаниясини ташкил қилиб, кейинчалик унинг номини “Путин Консалтинг” МЧЖга ўзгартириб, Россияга кўчиб ўтган. 

У 2013 йилдан Россия тхэквондо федерацияси васийлик кенгашига раҳбарлик қилади. Бундан ташқари, Путиннинг жияни “Арбат нефтегаз” (100 фоиз эгалик қилади), “Звезда ойл” (собиқ эгаларидан бири), “Партнер-Восток” (100 фоиз эгалик қилади) ва “Русюгэкспорт” компанияларига раҳбарлик қилади. Унга, шунингдек, “Роснефтехиминжиниринг “ компаниясининг 10 фоизи тегишли ҳисобланади. 

Мавзуга оид