Light | 18:50 / 06.07.2020
43864
4 дақиқада ўқилади

Космик кемалар қабристони — Немо нуқтаси ҳақида биласизми?

Космик агентликлар ходимлари луғатида «Тинч океанининг жанубий қисмидаги кимсасиз ҳудуд» деб аталувчи жой мавжуд. 48°52′ жанубий кенглик ва 123°23′ ғарбий узунлик координатларида жойлашган бу ҳудуд кенг истеъмолда Немо нуқтаси (лотинчадан ўгирганда – ҳеч ким) деб аталади.

Немо нуқтаси Ер сайёрасида тириклик мавжуд бўлган ҳудудлардан энг узоқликда жойлашган нуқта сифатида расман тан олинган.

Бу жой инсонлар яшайдиган ҳудудлардан шунчалик узоқда жойлашганки, баъзида – Халқаро космик станция шу нуқта юқорисидан ўтаётганда, Немо нуқтасига энг яқин одамлар ХКС бортидаги астронавтлар бўлиб қолади.

Немо нуқтасидан инсон қадами етган жойларгача бўлган энг яқин масофа (Питкерн ороли) 2688 километрни ташкил этади. Ва айнан шунинг учун ҳам бу нуқта космик кемалар «қабристони» сифатида танланган.

Немо нуқтасининг харитада жойлашуви
Фото: BBC

Немо тарихи

1992 йилда хорватиялик муҳандис-тадқиқотчи Хрвойе Лукатела компьютер моделлаштириш усули орқали тириклик нишонаси бўлган ҳудудлардан энг узоқ нуқтани – Немо нуқтаси координатларини ҳисоблаб чиқади.

Ҳудудга бундай ном француз адиби Жюль Верн қаҳрамони – инсониятдан узоқлашишга қарор қилган капитан Немо билан боғлиқ равишда берилади.

Шу вақтдан бошлаб, АҚШнинг Космик тадқиқотлар агентлиги (НАСА), Россиянинг Парвозларни бошқариш маркази (ЦУП) ва бошқа йирик космик агентликлар Ер орбитасидан қайта тушган космик кемаларнинг атмосферада ёниб кетмаган бўлакларини айнан шу нуқтага йўналтирган ҳолда «дафн қилишади».

Статистикага кўра, Немо нуқтасида бугунги кунгача турли космик агентликларнинг 260дан зиёд ўз вазифасини адо этиб бўлган сунъий йўлдошлари ва кемалари қолдиқлари мавжуд. Улар орасида Россиянинг «Мир» космик станциясининг ҳам, Хитойнинг илк космик станцияси – Tiangong-1’нинг ҳам, SpaceX ракеталарининг бўлаклари ҳам топилади.

Коинот чиқиндилари

Коинот чексиз, Ер сайёраси унга қиёслаганда жуда кичкина бўлса, космик чиқиндиларни нега Ерда «дафн қилиш» керак, деган савол туғилиши табиий.

Гап шундаки, Ер орбитасида жой қолмаган – у аллақачон сунъий йўлдошлар-у космик кемалар билан банд қилиб бўлинган. Дастлабки сунъий йўлдош коинотга 1957 йилда юборилган бўлса, шундан бери ўтган 60 йилдан ошиқроқ вақт давомида Ер атрофидаги орбита турли кема ва аппаратлар билан тўлиб кетган.

Коинотни эгаллаш давридан бошлаб Ер орбитасида жамланиб қолган космик объектларнинг компьютер моделлаштирилган кўриниши
Фото: Европа космик агентлиги

НАСА маълумотига кўра, бугунги кунда Ер куррасининг атрофида 7,5 минг тоннадан кўпроқ космик чиқинди – ўз вазифасини ўтаб бўлган минглаб сунъий йўлдош, ракеталар бўлаклари, космик кемалар парчалари учиб юрибди.

Бу «чиқинди»лар турлича ҳажмда – ўқ катталигидан тортиб автобусдек келадиганича бўлиши мумкин. Аммо уларнинг барчаси амалда ишлаб турган космик учар аппаратлар учун эҳтимолий хавф манбайи бўлиши, уларнинг ҳаракатига халал бериши мумкин.

Халқаро космик станция ўз атрофида учиб юрган йирик космик чиқиндиларга тўқнаш келмаслик учун фаолияти давомида нақ 25 маротаба ўз йўналиши ва ҳолатини ўзгартиришига тўғри келган.

Мавзуга оид