Ўзбекистон | 10:12 / 06.07.2020
45857
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда коронавирусдан ўлим ҳолатлари сони 35тага етди

Тошкентда 1 июль куни коронавирус ташхиси билан шифохонага ётқизилган 67 ёшли эркак оламдан ўтди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкентда коронавирус инфекциясига чалинган бемор ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этгани ҳақида хабар берди.

«Тошкент шаҳри Олмазор туманида яшовчи 67 ёшли Л.М. (эркак киши) жорий йил 26 июндан томоғида оғриқ, тана ҳарорати кўтарилган, аммо шифокорга мурожаат қилмасдан уйида даволанган.

1 июль куни эса йўтали кучайиб, нафас сиқиши белгилари пайдо бўлгач, тез ёрдам чақирган ва тез тиббий ёрдам машинасида Тошкент шаҳар 2-сон юқумли касалликлар шифохонасига олиб борилган.

Шу куни ундан COVID-19 инфекциясига таҳлил олиниб, зудлик билан реанимацион муолажалар бошланган. Беморга ўткир миокард инфаркти, икки томонлама пневмония, нафас етишмовчилигининг 2-даражаси, юрак ишемик касаллиги, гипертония касаллиги” ташхиси қўйилган. Унда коронавирус инфекцияси ҳам аниқланган. Беморнинг даволаниши давомида кунлик аҳволи шифокорлар томонидан доимий назоратга олинган. 

Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган тезкор реанимацион муолажаларга қарамасдан бемор ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги  Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Бу Ўзбекистонда коронавирус туфайли қайд этилган 35-ўлим ҳолати бўлди.

Ҳозиргача Тошкентда 21, Наманганда 4, Самарқанд, Бухоро, Сурхондарё ва Жиззахда 2тадан, Фарғона ва Қашқадарёда биттадан ўлим рўй берди.

 

Мавзуга оид