Жаҳон | 13:41 / 08.07.2020
5078
2 дақиқада ўқилади

Сербия пойтахтида комендантлик соати эълон қилиниши тартибсизликларга олиб келди 

Сербия президенти Александр Вучич коронавирус билан боғлиқ вазият ёмонлашгани сабабли пойтахт Белградда комендантлик соати киритилишини эълон қилди. Бироқ аҳоли бунга қарши чиқиб, норозилик билдирган.    

Фото: Reuters

Таъкидланишича, Белградда 10 июлдан 13 июлгача комендантлик соати жорий қилинади. Президент уни бутун мамлакат бўйлаб жорий қилмоқчи бўлганини, бироқ бу борада ҳукумат ва инқироз штаби билан маслаҳатлашишини айтган.  

Шунингдек, шаҳарда 8 июлдан 5 кишидан кўпроқ бўлиб йиғилишга тақиқлов киритилади. Бу Белграддаги эпидемиологик вазият маҳаллий ҳокимиятни ташвишлантираётгани билан боғланган.  

Вучич Сербия коронавируснинг янги тўлқинига тайёрланаётгани, шу сабабли вирусга чалинганлар учун иккита йирик шифохона қуришга қарор қилинганини маълум қилган. Шунингдек, аҳолига заруратга кўра турли жойларда ўрнатиладиган 10 та модул шифохона хизмат кўрсатади.

Ҳукуматнинг комендантлик соати киритиш қарори Белградда оммавий тартибсизликларга олиб келган. Норозилар полиция кордонларига ҳужум қилиб, парламент биносига бостириб кирган, бироқ кўп ўтмай у ердан сиқиб чиқарилган. Улар, шунингдек, бир нечта полиция машинасига ўт қўйишган. Бунга жавобан полиция намойишчиларга қарши кўзни ёшлатувчи газ қўллаган. 

Сербия полицияси бошлиғи Владимир Ребичнинг маълум қилишича, бир неча намойишчи қўлга олинган. Шунингдек, полиция орасида камида 43 киши жароҳатланган. У норозиликларга алоқадорлар шахси ўрнатилаётгани, уларнинг барчаси жавобгарликка тортилишини таъкидлаб ўтган. 

Охирги маълумотларга кўра, Сербияда жами вирусга чалинганлар 16 мингдан кўпроқни, ундан вафот этганлар 330 нафарни ташкил қилмоқда. Мамлакатда вирусга чалиниш ҳолатлари кўпайиши июнь охиридан қайд қилина бошланган. 22 июнда мамлакатда 102 та янги касалланиш ҳолати қайд қилинган бўлса, 1 июлга келиб бу кўрсаткич 359 тани ташкил қилган. Сўнгги суткада касалланганлар 299 нафарга кўпайган.

Мавзуга оид