«Афғонистон давлати фуқароси 40 ёшли М.Ҳ. (эркак)ни 2-3 кун давомида йўтал ва тана ҳарорати кўтарилиши безовта қилган. 21 июнь куни тез тиббий ёрдам чақиртирилиб, Бухоро вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилган. 

Беморга Covid-19, икки томонлама пневмониянинг ўта оғир кечиши, нафас етишмовчилигининг 3-даражаси, юрак етишмовчилиги ташхиси қўйилган.

Шифохонада бемор бир неча марта мутахассислар томонидан онлайн консультация қилинган, даволаш жараёни уларнинг тавсияси асосида олиб борилган.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан бемор ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги 
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Шунингдек Тошкентда коронавирусга чалинган 83 ёшли яна бир бемор ўткир қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этган.

Учтепа туманида яшовчи 83 ёшли Ш.Т.ни (аёл) 25 июндан тана ҳароратининг кўтарилиши, йўтал, ҳансираш ва нафас сиқиши безовта қилган. 28 июнь куни эса коронавирус аниқланган ва Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникасига ётқизилган. 30 июнь куни тос суяги буйинчаси синганлиги сабабли 1-сон шаҳар клиник шифохонасига ўтказилган.

Унга касаллик оғир кечиши ташхиси қўйилган. Касаллик икки томонлама пневмониянинг оғир кечиши, ўткир нафас ва ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги асоратлари билан кечган.
Шунингдек, бемор икки томонлама гонартроз, икки томонлама коксоартроз каби ҳамроҳ касалликлари билан ҳам оғриган.

Бемор бундан аввал, кўп йиллардан буён гипертония касаллиги, юрак ишемик касаллиги билан даволаниб келади. 2019 йилдан бери эса ётоқ ҳолатда бўлган (тизза ва тос-сон бўғимлари остеоартрози, жорий йил 16 июнь куни эса йиқилиб тушиши оқибатида тос суяги буйинчаси синган).

«Беморнинг даволаниши давомида кунлик аҳволи мутахассислар томонидан консультация қилинган, даволаш жараёни шифокорлар тавсияси асосида олиб борилган. 

Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамай, беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди», дейилади хабарда.