Карантин даврида пластик идишлар орқали бирламчи озиқ-овқатларни элтиб бериш оммалашди. Бу хизматдан фойдаланиш йўли билан ижтимоий масофа сақлашга ҳаракат қилинмоқда. Кафеларда доимий идишлар ўрнига бир марталик кофе идишлардан фойдаланиш билан ҳам вирус ташиш эҳтимоли камайишига ишонилмоқда.
Бироқ масалага бошқа тарафдан қаралса, манзара бутунлай бошқача кўринади: шифохоналар ташқарисида тиббий чиқиндилардан иборат пластик қоплар уюмлари пайдо бўлган, ишлатиб бўлинган шахсий ҳимоя воситалари қирғоқларни тўлдирган.
Янги хавфнинг юзага чиқиши
Жаҳон иқтисодий форуми сайтида ёзилишича, агар бу масалага эҳтиёткорлик билан ёндашилмаса, пандемиядан сўнг инсоният ҳаёти учун анча жиддий экологик фалокатлар содир бўлиши мумкин.
Албатта, ҳаётий ҳимоя воситалари бўлган пластиклар ва уларнинг сув юзаларини ифлослантириши дунё аҳолиси учун ҳамиша хавфли бўлиб келган. Коронавирусдан олдин ҳам сиёсатчилар, компаниялар, халқаро ташкилотлар бу масалани ҳал қилиш учун доим бош қотирган.
Шу боисдан айрим ҳукуматлар бир марталик идишлар учун турли солиқлар ва чекловлар жорий этган бўлса, баъзи компаниялар табиатга зарар етказмайдиган қадоқлаш турлари учун хизматларини кўпайтирмоқда.
COVID-19 инқирози эса пластиклар билан боғлиқ тенденцияларни жиддийлаштириб юборди.
Масалан, Хитой Атроф-муҳит ва экология вазирлиги Уҳанда вирус авж нуқтага чиққанда шифохоналардан кунига 240 тонна чиқинди чиққанини маълум қилган. Нормал пайтларда эса кунлик 40 тонна чиқинди ҳосил қилинарди.
АҚШдаги фирмалардан бири COVID-19 даврида Американинг 2 ойлик тиббий чиқиндиси давлатнинг одатий ҳолатдаги бир йиллик чиқиндиси миқдоридан кўп бўлишини тахмин қилди.
Тиббий ниқоблар ҳам худди шундай. Хитойда кунлик ниқоб ишлаб чиқариш февралда 116 миллион донага етказилиб, одатий кўрсаткич 12 мартага ошган. Дунё бўйлаб эса юзлаб тонна ишлатилган тиббий ниқоблар йиғиштириб олинмоқда.
Таиланд Атроф-муҳит институтининг изланишларига кўра, пластик истеъмоли 1,5 минг тоннадан 6,3 минг тоннага ошди. Бу кўрсаткич юқорилаши озиқ-овқат етказиб бериш хизматининг оммалашгани билан изоҳланмоқда.
Қайта ишлаш саноатидаги оқсаш
Муаммонинг кучайишига яна бир туртки – чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналарининг ижтимоий масофа сақлаш ва уйда қолиш тартибларига амал қилиш мақсадида ишламаётгани билан боғлиқ. АҚШнинг Майами-Дейд ва Лос-Анжелес округларининг кўп қисмларида ҳам худди шундай: чиқиндини қайта ишлаш саноати тўхтаб қолган.

















