4–6 сентябр кунлари Самарқанд шаҳрида Парламентлараро Иттифоқ Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференцияси бўлиб ўтди. «Мураккаб даврда инсон ҳуқуқлари, адолат ва инсон қадр-қимматини тиклаш йўлида» мавзусидаги тадбирда дунё мамлакатларининг ёш парламент аъзолари ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Конференция давомида инсон ҳуқуқлари, ёшларнинг сиёсий иштироки, рақамли хавфсизлик, иқлим ўзгариши ва меҳнат бозоридаги муаммолар каби масалалар муҳокама қилинди.
Конференцияда ёш парламентарийлар ўз мамлакатларидаги тажрибалар билан ўртоқлашди. Низолар шароитида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, рақамли ҳуқуқ ва хавфсизлик, иқлим ўзгариши, муносиб меҳнат ва ёшлар бандлиги, ёшлар ҳамда хотин-қизларнинг сиёсий иштироки, уларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш каби мавзулар кун тартибидан ўрин олди.

Тадбир доирасида БМТ, Парламентлараро Иттифоқ, халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда турли мамлакатлар парламент аъзолари иштирокида очиқ мулоқот ва панел муҳокамалар ташкил этилди.
Муҳокамаларда ёшларни қарор қабул қилиш жараёнларига кенгроқ жалб этиш, уларнинг сиёсий ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда глобал муаммоларга ечим топишда ёш авлод салоҳиятидан самарали фойдаланиш масалаларига эътибор қаратилди.

Шунингдек, «Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентларнинг иштироки» мавзусида махсус очиқ сессия ўтказилди. Унда қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини миллий даражада амалга оширишдаги ўрни ва имкониятлари муҳокама қилинди.
Конференция доирасида Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Парламентлараро Иттифоқ президенти Тулия Эксон, ташкилот бош котиби Анда Филип, БМТ бош котибининг ёшлар масалалари бўйича ёрдамчиси, БМТ Ёшлар бюроси раҳбари Фелипе Паулиер ҳамда Global March Against Child Labour ҳаракати бош директори Асмита Сатяртхи билан учрашди.

Учрашувларда Ўзбекистоннинг ПИ ва БМТ билан ҳамкорлигини ривожлантириш, парламент дипломатиясини кучайтириш, ёшларни қарор қабул қилиш жараёнларига жалб этиш, ёшлар парламентлари фаолиятини ривожлантириш ва халқаро тажриба алмашинувини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.














