Яқинда Тошкент кўчаларида бир гуруҳ аёлларнинг замонавий тил билан айтганда, феминистик ғоялари акс эттирилган ёзувларни тутган ҳолда флешмоб ўтказганига гувоҳ бўлдик. Табиий равишда, бу ҳолат ижтимоий тармоқларда ҳам, турли сайтларда, блогларда муҳокамалар марказида бўлди. Шундан ҳам хулоса қилиш мумкинки, флешмобчилар ўз ниятларига етдилар, яъни турли доираларда уларнинг фикрлари «эшитилди», муҳокама қилинди.

Аммо бу мавзу қайси йўналишга қараб кетди-ю, масаланинг асл моҳиятига қай даражада тегинилди, келинг шу ҳақида фикр юритамиз.

Инкор этмайман, Ўзбекистонда айнан кўтарилган масалаларда ҳуқуқсизлик бор. Бу мавзу аллақачон кўтарилиши, тегишли доираларда ечим изланиши ва шунчаки, маънавий-маърифий ўгитлар доирасида қолиб кетадиган масала бўлмаслиги керак. Менга энг ёқмагани — вазият ҳуқуқсизлик иллатидан чиқиб, мафкуравий тортишувга айланиб кетганидир.

Яъни, бир қараганда, гўёки аёлларга бўлган ҳозирги муносабат ўзининг кўп йиллик мафкуравий асосларга эга бўлган сарқитдан иборат, деб ўйлайдиган замонавий қараш, биринчиси — ўша флешмобчилар. Иккинчиси эса, ростдан ҳам, бу ҳолатда муаммо кўрмайдиган ва айнан шу шаклни тўғри, ҳатто диний асосга эга бўлган қараш деб биладиганлар — улар зўр бериб флешмобчиларга қаршилик қилишди.

Аввал мана шу мавзуларни ажратиб олишимиз лозим.

Ҳар қандай мафкурадаги ҳақ-ҳуқуқлар, эркинликларга баҳо беришда яшалаётган турмуш тарзига эмас, рухсат берилган чегараларга қараш тўғрироқ бўлади. Сабаби — турмуш тарзи фақат мафкура ва ўлчовлар устига қурилмайди, замон ва макон, урф-одатлар ҳам чуқур аҳамият касб этганидан, ҳаммаси аралашиб, чалкашиб кетиши мумкин.

Масалан, Ислом динида аёл кишининг ўрни деганда биз фақат уйда ўтирадиган, бола туғиб уларга қарайдиган, жамиятдан узилган, эрининг ҳар қандай бошқарувига чидайдиган шартларни кўз олдимизга келтирамиз. Аммо Ислом тарихига қараганимизда, ростданам шундайми? Пайғамбаримиз (с.а.в.) даврларида аёлларнинг эркинлик чегараси қаерларгача борган?

Айтайлик, пайғамбаримиз (с.а.в.) вафотидан сўнг, уларнинг қизи Фотима (р.а.) маълум хусусда қатъий ўз сиёсий позицияларини маълум қилганлар. Бу ўз вақтида пайғамбаримиз (с.а.в.) бошқалардан алоҳида ажратмаган «қизим Фотима ўғирлик қилса ҳам, жазолайман», деб мисол келтирилган аёл билан боғлиқ вазият. Ойша (р.а.) давлат тақдири ҳал қилинаётган ўта жиддий зиддиятларда марказий ўринни эгаллаганлар. Яъни ҳеч ким уларга «бу аёл кишининг иши эмас, уйингда аралашмай ўтир», қабилидаги эътирозда бўлмаган.