Жонс Ҳопкинс университети, Ҳарвард ва Массачусетс технология институтлари хорижлик талабаларни мамлакатни тарк этишга мажбур қилувчи йўриқнома сабабли АҚШ ҳукуматини судга берди.

Жонс Ҳопкинс университети кузда таълим шакли тўлиқ онлайн режимга ўтадиган хорижлик талабаларни мамлакатни тарк этишга мажбур қилувчи буйруқ сабабли АҚШ ҳукуматига қарши Колумбия округи федерал судига даъво аризаси берди

Даъвода АҚШ миграция ва божхона қонунчилигини назорат қилувчи бюроси (ICE) университетнинг келгуси семестрда талабалар билан ўтказадиган машғулотларини тиклаш бўйича режаларини "остин-устин" қилиб юбориши билдирилган, деб ёзади The Baltimore Sun нашри.

6 июль куни ICE коронавирус пандемияси сабабли биринчи семестрда фақат онлайн таҳсил оладиган хорижлик талабалар АҚШни тарк этиши ёки ўқишини ҳеч бўлмаганда курсларнинг бир қисми кундузги шаклда ўтиладиган таълим муассасасига кўчириши кераклигини маълум қилганди.

Аввалроқ Массачусетс технология институти ва Ҳарвард университети ҳукуматнинг бу йўриқномасига қарши даъво билан судга мурожаат қилганди.  

Хорижлик 5 минг талаба таҳсил оладиган Жонс Ҳопкинс университети даъвосида Трамп маъмуриятининг қарори "ўзбошимчалик" деб баҳоланган.