Ўзбекистон | 15:27 / 14.07.2020
28294
2 дақиқада ўқилади

Бош консул Амурда жанжал кўтарган ўзбекистонлик ишчилар манфаатларини ҳимоя қилиш учун воқеа жойига борди

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси Амур области ҳудудида «Renaissance Heavy Industries» компанияси ишчилари уч ой давомида маош олмагани сабабли исён кўтаргани, улар орасида ўзбекистонликлар ҳам борлиги тўғрисида хабар юзасидан муносабат билдирди.

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси Амурдаги ўзбекистонлик ишчилар иштирокидаги тартибсизлик бўйича муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси 13 июль куни Амурдаги вақтинчалик вахта шаҳарчасида Ўзбекистон фуқаролари иштирокида юз берган ҳодисани назоратга олган. Мазкур масала бўйича Россия Ички ишлар вазирлиги ва бошқа ваколатли органлар билан мунтазам мулоқот олиб борилмоқда.

«Бўлиб ўтган ҳодиса тафсилотларини аниқлаш ҳамда Ўзбекистон фуқароларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлаш мақсадида воқеа жойига элчихона бош консули етиб борди», дейилади хабарда.

Элчихона россиялик ҳамкорлар билан биргаликда можарони келтириб чиқарган сабаб ва шарт-шароитларни ўрганиш, муаммонинг барча томонлар учун мақбул бўлган ечимни ишлаб чиқиш бўйича иш жараёни ва натижалар ҳақида қўшимча ахборот беради.

Бундан аввалроқ ижтимоий тармоқда «Газпром»нинг пудратчиси сифатида Амурдаги газни қайта ишлаш заводи қурилишида иштирок этаётган «Renaissance Heavy Industries» компанияси ишчилари тартибсизлик келтириб чиқаргани тасвирланган видеолар тарқалганди. Видеода ишчилар офис эшикларини тепиб, техникаларни синдираётгани, уларни тинчлантириш учун махсус топшириқлар бўйича милиция отряди жалб этилганини кўриш мумкин.

Амур вилояти прокуратураси томонидан маълум қилинишича, ҳолат юзасидан хорижлик ишчиларнинг меҳнат ҳуқуқининг бузилиши бўйича текширув бошланган. Шу билан бирга, тартибсизликни юзага келтирган ишчиларга нисбатан «Безорилик» моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Мавзуга оид