12 июль куни интернетда Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида ЖИБ туман суди раиси ҳамда туман маъмурий судининг раисига Жарқўрғон шаҳрига кираверишдаги блокпостда шахсан туман ҳокими ва туман ИИБ бошлиғи ҳаракатланишга монелик қилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Воқеа жойида бевосита ишчи гуруҳига раҳбарлик қилган Жарқўрғон тумани ҳокими З.Давлатов, туман ИИБ бошлиғи Б.Хидиров ва унинг ўринбосари Ш.Азизбердиев ҳамда бошқа алоқадор ходимларга нисбатан суд ходимига қасддан енгил тан жароҳати етказиш, судья ва суд ходимларини обрўсизлантириш, судьянинг хизмат автомашинаси дахлсизлигини бузиш ва бошқа ҳолатларга қонуний баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар Сурхондарё вилояти прокуратурасига юборилгани маълум қилинган эди.
Жарқўрғон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати ЖИБ туман суди раисининг хизмат машинаси ҳаракати билан боғлиқ ҳолатга расмий муносабат билдирди.
«2020 йил 10 июль куни Жарқўрғон туман Маъмурий суди раисининг «Нексия-3» русумдаги 307 VAA давлат рақамли хизмат машинаси «Янгиобод» маҳалласи, Махтумқули кўчаси, М-41 халқаро «Термиз-Душанбе» йўлига қўйилган блокпостга ушбу йўлнинг Жарқўрғон марказидан чиқиш йўналиши бўйича қарама-қарши йўналишда, йўл қоидасини бузган ҳолда, навбатсиз ўтиб кетиш учун автомашинани бошқариб келган (Туман ҳокимлиги ҳолат акс этган видеони тақдим этган).
Натижада, туман марказидан чиқувчи ва халқаро юк ташувчи автотранспортлар йўлини тўсиб қўйган. Блокпостда турган масъул ички ишлар, миллий гвардия ходимлари туман Маъмурий суди раиси хизмат автомашинасининг ҳайдовчисига тушунтириш берган, яъни қарама-қарши йўналиш бўйича тирбандлик юзага келганлигини таъкидлаб, йўлни бўшатишини талаб қилган. Аммо, ушбу хизмат машинаси ҳайдовчиси ва автомашина ичида бўлган суд раиси бу талабга бўйсунмаган.
Шу вақтда туман ҳокими З.Давлатов, туман ИИБ бошлиғи ҳамда туман прокурори билан бирга ушбу ҳудудга карантин ҳолатини ўрганиш бўйича блокпостга келишган. Блокпостдаги масъул хизматчилар туман Маъмурий суди раисининг хизмат автомашинаси билан боғлиқ ҳолат бўйича туман ҳокимига мурожаат қилишган. Шундан кейин туман ҳокими ва ИИБ бошлиғи бориб тушунтириш бергандан сўнг, Маъмурий суд раиси хатосини тушуниб, орқага кетди.
















