9 август куни Беларусда президентлик сайлови бўлиб ўтади. Дунё коронавирус сабаб «ўзини уйга қамаган» вақтда ҳам карантин жорий қилмаган мамлакатда сайловнинг кечиктирилиши ҳақида табиийки ҳеч гап йўқ. Таҳлилчилар ҳар қандай ҳолатда Беларусда президентлик сайлови ўтказилишини айтишмоқда.

Беларусь президентлиги учун сайлов бу сафар анча шов-шувли ўтиши кутилмоқда. Интрига эса аллақачон бошланиб қолган: Лукашенконинг асосий рақиби бўлиши кутилган Виктор Бабарико қўлга олинган. Бугун маълум бўлдики, Марказий сайлов комиссияси «Белгазпромбанк»нинг собиқ раҳбари Бабарикони Беларусь президентлигига номзод сифатида рўйхатдан ўтказмади. Бу ҳақда сайлов МСК раиси Лидия Ермошина комиссия йиғилишида маълум қилган.

Комиссиянинг ушбу мажлиси ижтимоий тармоқлар орқали жонли тарзда ёритилди ва унда сўзлаган МСК раиси Бабариконинг номзоди рўйхатга олинмаганининг асосий сабаби сифатида унинг даромадлари тўғрисидаги декларацияда ноаниқликлар борлиги ҳамда унинг лойиҳаларида хорижий компаниялар ҳам иштирок этаётганини келтирган.

Шунингдек, номзодлардан яна бири Валерий Цепкалони ҳам рўйхатдан ўтказиш рад этилганди. МСК ушбу номзод биринчи босқичда амалга оширилиши лозим бўлган иш – ташаббус гуруҳининг 100 минг имзосини тўплай олмаганини маълум қилган.

МСК сайловда қатнашмаслиги учун босим бўлгани айтилган Светлана Тихановскаяни рўйхатга олган. У ҳам Лукашенконинг асосий рақибларидан бири ҳисобланади. Tut.by сайтига кўра, Тихановскаянинг ҳужжатларида камчилик топилган: у президентликка ўз номзодини қўйишни режалаштирган, аммо мол-мулки ҳақидаги декларациясида ҳибсга олинган эри Сергей Тихоновскийнинг Гомель областида уйи борлигини кўрсатмаган. Дарвоқе, Сергей Тихоновский ҳам президентлик сайловида ўз номзодини қўйганди, бироқ МСК фақат Светлана Тихоновскаяни номзодини рўйхатдан ўтказган.

МСК раисининг маълум қилишича, Бабарико доимий тарзда офшор ҳудудларда компаниялар очиб, сўнг ўша компанияларга яширинча маблағ ўтказиб келаётган уюшган жиноий гуруҳ тузган ва уни бошқарган. Унинг сўзларига кўра, Бабарико шу пайтгача камида 458 минг АҚШ долларини офшор ҳисобларга яширинча ўтказган. Бабарикога нисбатан келтирилган барча айбловлар «Белгразпромбанк иши» бўйича ҳибсга олинганларнинг тергов давомида берган кўрсатмаларига асослангани қайд этилган.

Ушбу мажлисда қатнашган Бабариконинг вакили ҳали унга қўйилаётган айбловлар исботланмагани ва сиёсатчи офшор компанияларни бошқараётгани ҳақидаги иддаолар реестрдан олинган кўчирмалар билан тасдиқланмаганини айтган.

Виктор Бабарико 18 июнь куни Беларусь давлат назорати молиявий текширув бўлими ходимлари томонидан ҳибсга олинганди. У 20 йил давомида «Белгазпромбанк»ни бошқариб келган ва президентлик пойгасида қатнашишга қарор қилиб, истеъфога чиққан. Шундан сўнг, кўп ўтмай «Белгазпромбанк»нинг бош офисида ва унга алоқадор бир қатор компанияларда давлат назорати молиявий текширув бўлими ходимлари томонидан тинтувлар ўтказилган ҳамда юқори лавозимли менежерлар ва ходимлар ҳибсга олинган.