Жанубий Корея Ўзбекистонга нисбатан карантин чораларини кучайтириши мумкин
Жанубий Корея коронавирус тарқалишига қарши қатъий карантин чоралари қўлланадиган давлатлар рўйхатини кенгайтиришни режалаштирмоқда. Жанубий Корея бош вазири Чон Се Гюннинг хабар қилишича, рўйхатга Ўзбекистон ҳам киритилиши мумкин.
“Ҳукумат бугун вирус импорт қилиниши хавфи юқори бўлган давлатларни қўшимча белгилайдиган қарорни қабул қилади”, деб айтган Чон Се Гюн ҳукуматнинг коронавирус бўйича ўтган йиғилишида.
“Ушбу давлатларга нисбатан қатъий карантин чоралари, жумладан виза чекловлари, кириш рейсларига чекловлар қўлланади. Бу давлатлардан келувчи шахслар коронавирусга манфий таҳлил топширганлари ҳақида маълумотнома тақдим қилишлари керак бўлади”, деб таъкидлаб ўтган Жанубий Корея бош вазири.
Вазирнинг айтишича, рўйхатга бошқа давлатлар қатори Ўзбекистон ва Филиппин киритилиши мумкин.
Айни вақтда ушбу рўйхатдан 4 давлат – Қозоғистон, Қирғизистон, Бангладеш ва Покистон жой олган.
Чон Се Гюннинг таъкидлашича, экипажларнинг Жанубий Корея бўйлаб саёҳат қилмоқчи бўлган хорижий аъзоларига визасиз кириш тизими вақтинча тўхтатилади.
Бу қарор охирги ҳафталарда Жанубий Кореяга келувчи хорижлик денгизчиларда коронавирус қайд этилиш ҳолатлари кўплаб учраётгани маълум қилингандан кейин қабул қилинди.
“Охирги 10 кун ичида хориждан импорт қилинган касалланиш ҳолатлари улуши маҳаллий ҳолатлардан кўп бўлган. Бу эса хориждан кираётган ҳолатларни тўсишга эътиборни кучайтиришни талаб қилади”, деб таъкидлаб ўтган Жанубий Корея бош вазири.
Жанубий Корея расмий идораларининг охирги маълумотларига кўра, мамлакатда 15 июль эрталаби ҳолатига кўра, 39 та янги, жумладан 11 та маҳаллий ва 28 та хориждан импорт қилинган касалланиш ҳолати қайд этилган. Мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 13 мингдан ошиб кетди.
Аввалроқ Ўзбекистондан чартер рейслар орқали жўнатилиши режалаштирилган Е-9 визасига эга фуқароларни Жанубий Кореяга юбориш кечиктирилиши маълум қилинганди. Бунга эса Жанубий Кореяга юборилган 105 кишидан 2 нафарида коронавирус инфекцияси аниқлангани сабаб бўлган.
Эслатиб ўтамиз, Миграция агентлиги Кореяга ишга борган ўзбекистонликлардан бирида коронавирус аниқлангани ҳақида хабар берганди.
Мавзуга оид
02:35 / 12.11.2024
NBC: Жанубий Корея президенти Трамп билан учрашув олдидан голф машғулотларини қайта бошлади
17:52 / 11.11.2024
LG дунёдаги биринчи чўзилувчан дисплейни намойиш қилди
12:38 / 11.11.2024
Алишер Абдусаломов Жанубий Корея президентига ишонч ёрлиқларини топширди
00:08 / 11.11.2024