Жамият | 11:17 / 15.07.2020
6602
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида дарахтлар ноқонуний кесилди, табиатга 1,1 миллиард сўм зарар етказилди

Тошкент вилоятининг маъмурий маркази Нурафшон шаҳрида ҳар хил турдаги манзарали дарахтлар кесилганлиги аниқланди, деб хабар берди Давлат экология қўмитаси.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармонига биноан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 31 декабргача мораторий жорий этилган эди. Шунга қарамай, жойларда дарахтларнинг ноқонуний кесилиш ҳолатлари содир бўлмоқда.

Шу йилнинг 6 июль куни Тошкент вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси давлат инспекторлари томонидан олиб борилган тезкор рейд давомида Тошкент вилояти Нурафшон шаҳри «Қорасув» маҳалласи, Тошкент йўли кўчаси, 4Р-2 автомобиль йўлининг Тўйтепа текстил фабрикасигача бўлган қисмида жами 37 туп ҳар хил турдаги манзарали дарахтлар кесиб ташлангани аниқланган.

Натижада, «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуннинг 37 ва 45-моддалари талаблари бузилган, ўсимлик дунёсига 1,1 миллиард сўм зарар етказилган.

Ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан қонуний чора кўриш ҳамда етказилган зарарни ундириш мақсадида тўпланган ҳужжатлар прокуратура органларига юборилди, дейилади Давлат экология қўмитаси хабарида.

Мавзуга оид