Ўзбекистон | 12:44 / 15.07.2020
17598
2 дақиқада ўқилади

Туризмни ривожлантириш қўмитасининг собиқ раҳбари вафот этди

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг биринчи раиси ва президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари лавозимида хизмат қилган Анвар Шарапов вафот этди.

Фото: Sputnik

Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг биринчи раиси Анвар Шарапов вафот этди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.

Анвар Шарапов ўз хизмат фаолияти давомида қатор давлат идораларида меҳнат қилган. Узоқ йиллар мобайнида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида (1993—2014 йиллар), Ўзбекистон Президенти девонида (2014−2016 йиллар) масъул лавозимларда, хусусан, Президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари лавозимида хизмат қилган.

Анвар Шарапов 2016 йил 14 декабрда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси этиб тайинланган ва бир йил давомида ушбу лавозимда фаолият юритган.

Маълум қилинишича, айнан Анвар Шарапов раислигида Ўзбекистон туризм соҳасидаги ислоҳотлар бошланган. Шу даврда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг таркиби тўлиқ шакллантирилган, вилоятларда ҳудудий департамент ва бошқармалар очилган, давлат унитар корхоналари ташкил қилинган.

«Анвар Курбанович ҳамкасблари орасида фидойи меҳнати билан бир қаторда ўзининг инсоний фазилатлари билан ҳам ёдда қолган: оқкўнгил, самимий ҳамда шогирдларига доим ёрдамга шай инсон бўлган», — дейилади хабарда.

Анвар Шарапов фидокорона меҳнатлари учун «Дўстлик» ордени ва «Жасорат» медали билан тақдирланган.

Мавзуга оид