Греция бу қарорни «очиқ провокация» деб атади. Рус православ черкови ҳам «миллионлаб масиҳийларнинг ташвишларига қулоқ солинмаган»ини таъкидлади.

Таъкидлаш жоизки, Аё София ҳар доим Эрдўғаннинг баёнотлари билан кун тартибига келган ва ҳамиша қарама-қаршиликлар келтириб чиқарадиган мавзулардан бири саналади.

Христианлик эътиқодига кўра, муқаддас тузилмалардан бири ҳисобланган Аё Софиянинг мусулмонлар ибодат қилиши учун очилишини назарда турувчи баёнотлар халқаро майдонда ҳам резонансга сабаб бўляпти.

29 май куни нима бўлганди?

Аё Софияда «Фотиҳа» сурасининг ўқилиши мунозаралар қайтадан оловланишига, Грециянинг эътирозларига сабаб бўлди. Ушбу мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги Аё Софияда Қуръон оятлари тиловат қилинишини «масиҳийларнинг диний туйғуларини ҳақорат қилиш» деб баҳолади.

Туркия бу сўзларга жавобан Аё Софиянинг моҳияти ва халқаро келишувларга зид тарзда иш тутилмаганини айтди.

Грециядан сўнг АҚШ Давлат департаменти ҳам баёнот билан чиқди. АҚШ давлат департаментининг таъкидлашича, Халқаро диний эркинликлар тўғрисидаги ҳисоботнинг сўнгги янгиланган версиясида «АҚШнинг юқори лавозимли расмийлари (Туркия) ҳукумат амалдорларига очиқ-ойдин ва хусусий равишда Аё Софиянинг мураккаб кўп динли тарихини сақлашни қўллаб-қувватлашларини билдиришган».

Аё София қачон қурилган?

360 йилда Византия императори Константин томонидан очилган черковнинг ёғоч томи 404 йилда ёниб кетган. Ўша пайтда биринчи марта капитал таъмирланган черков Византия императори Юстиниан I буйруғи билан қурилиш ишларидан кейин 532-537 йиллар оралиғида ҳозирги шаклини олди.

Eпископликнинг маркази бўлган ва Византия империяси учун муҳим аҳамиятга эга бўлган черковнинг қурилиши учун Византия муҳандиси Милетус Исидор ва математик Траллес Антҳемия жавобгар эди. Қурилишда 10 мингдан ортиқ ишчилар иштирок этган.

Черков қурилиши 5 йилу 10 ой давом этган ва ўша даврдаги Византия тарихчилари унинг дунёдаги энг катта бино эканлиги ҳақида ёзишган. Черков ичидаги мозаикалар иши эса 565-578 йиллар орасида якунланган.

Аё София 1204 йилгача бир неча зилзилалар ва ёнғинлардан омон қолди ва кўп бор қайтадан тикланди. 1204 йилда Шарққа юриш қилган салибчилар қўлига ўтган черков 1261 йилгача Рим-католик черковига айлантирилган.