Қизиқ жиҳати, Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йилларидан бошлаб то бугунги кунга қадар ёшлар ташкилотлари Нодавлат ташкилоти сифатида ишлаб келган. Масалан, Ёшлар иттифоқи (1991-1996 йй.), «Камолот» жамғармаси (1996-2001), «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати (2001-2017), Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи (2017 йилда ташкил этилган. Кейинги фаолияти номаълум).

Номлари саналган бу ташкилотлар тузилмасига кўра нодавлат ташкилот бўлгани билан уларнинг фаолияти давлат томонидан молиялаштирилар ва ҳукумат буюртмасини бажарар эди. Шу билан бирга, ушбу ташкилотлар маълум даражада мустақил орган сифатида миллионлаб ёшларни ўз атрофида бирлаштира олган. Ўзини-ўзи мустақил идора қилувчи ННТ сифатида эса маъмурий буйруқбозликлардан ҳам холи эди.

2017 йилда президент Мирзиёев «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Қурултойида иштирок этди ва ёшлар масалаларига бағишланган нутқ сўзлади. Унда президент Ўзбекистонда ёшлар масаласига оид турли муаммолар йиғилиб қолганини танқид остига олди. Йиғилиш давомида президент таклифи билан «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати тугатилиб, унинг ўрнида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил қилинди.

Бу ташкилотга бир қанча ҳуқуқий асос ва молиявий кўмак эвазига (йиллик 200 млрд. сўм бюджет) ёшларнинг йиғилиб қолган ўша муаммоларини ечиш вазифаси ишонилди. Аммо кўриб турибмизки, орадан 3 йил ўтиб энди ёшлар масаласига оид бошқа бир  янги тузилма ташкил қилинди.

Хўш, ҳукумат эндиликда нега ёшлар масаласи билан ўзи тўғридан-тўғри ишламоқчи? Бу Ўзбекистондаги ёшларни қийнаётган ишсизлик, таълим билан қамраб олиш, иқтисодий кам таъминланганлик, ҳуқуқий онгнинг етарли эмаслиги, жиноятчилик ва ортиб бораётган оилавий ажримлар каби қатор муаммоларга ечим бўладими? Умуман, янги давлат органи тузиш муаммоларнинг энг тўғри ечимими?

Kun.uz мухбири янги агентлик раҳбари Алишер Саъдуллаев билан интервью уюштирди ва шу каби саволларга жавоб излади.

— Алишер, ёшлар сиёсатини юритадиган янги орган тузилишига қандай сабаблар бор эди? Ва, умуман, бу ёшлар муаммоларини ҳал қилишда энг тўғри ечимми, сизнингча?

     — Биз ёшларга оид давлат сиёсати ҳақида гапиряпмиз. Давлат сиёсатини эса нодавлат ташкилот юритиши тўғри йўл эмас.

Ёшларга оид давлат сиёсати бу жуда кенг қамровли тушунча. Бу энг муҳими ёшларнинг розилиги. «Улар нима хоҳлайди ўзи?» деган савол бизда энг муҳими бўлиб турган.