Kun.uz мухбирлари мурожаатда келтирилган важларни ўрганиш мақсадида Нарпай туманида бўлишди.


6 июль куни нима бўлганди?
Отабек Артиқовнинг айтишича, унга тегишли бўлган оҳак ва мель ишлаб чиқариш цехига ўғринча табиий газ тортиб кирилган, деган важ билан ўша куни туман ИИБ ходимлари ва ниқобли кишилар цехга бостириб кирган. Цех ишчилари ва тадбиркорнинг яқинлари бу ҳолатни телефон орқали видеотасвирга олишга уринган. Ишчиларнинг ҳаракатидан норози бўлган ИИБ ходимлари тасвирга олаётганларнинг телефонини куч билан тортиб олган. Шикоятда айтилишича, Ички ишлар идоралари ходимларига қаршилик кўрсатди, дея яна уч киши калтакланган, қўлига кишан солиниб, олиб кетилган.
«Йилига бир миллион долларгача қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ва ҳўл мева экспорт қиламиз. Қўлимиздан келгунча туман салоҳияти учун хизмат қилиб келяпмиз.
Аммо Нарпай туман ИИБ билан айни вақтда ўртамизда зиддият бўлиб тургани учун буюртма асосида бостириб киришди. Уларнинг мақсади (ИИБ) бизни ёмонотлиқ қилиб кўрсатиш, айбимизни топиш бўлган. Аммо газга ўғринча уланганимизни исбот қила олишмади. Айни вақтда бир ишчимиз шифохонада, яна бири ўша куннинг ўзида суд қилиниб, уч суткага қамалди. Яна бир ишчимизга маъмурий жарима қўллашди», дейди О.Артиқов.
«Карим қурилиш савдо» хусусий корхонаси таъсисчиси Алишер Каримов ҳам бўлиб ўтган воқеани тасдиқлади.
«Очиғи, иш жойимизга ниқобли одамлар бостириб кирадиган тадбиркор эмасмиз. Аввало оиламизга, қолаверса, давлатимизга бир сўм бўлса ҳам фойдамиз тексин, деб ишлаб юрибмиз.
Кеча кўз олдимда вояга етмаган ўғлимни уриб, қўлидан телефонини тортиб олишди. Камига, ҳеч қаерга мурожаат қилмаслигимизни сўрашяпти», дейди у.

А.Каримовнинг ўғли Шаҳриёр Эгамов билан суҳбатлашдик. У ҳам ўша куни цехдаги ҳолатни тасвирга ола бошлаганда, махсус хизмат ходими жигар соҳасига зарб бериб, телефонини тортиб олганини маълум қилди.
































