«Мен ҳомиладорлигимни билмаган ҳолда коронавирусга қарши антибиотиклар ичдим. Энди нима қилишим керак?». Бундай саволларни ижтимоий тармоқлардаги тиббий форумларда кўплаб учратиш мумкин. Қозоғистонда COVID-19 кенг тарқалиши ортидан ҳомиладор оналар ҳам ушбу вирусни юқтириш хавфи ортди. Коронавирус юқтирган ёки уни юқтириш хавфига дуч келаётган ҳомиладор аёллар ўзларининг саволларига жавоб олиш учун кўпроқ қаерга мурожаат қилишни билмай сарсон бўлмоқда. Tengrinews.kz мухбири қозоғистонлик акушер-гинеколог, репродуктолог, тиббиёт фанлари доктори Вячеслав Локшиннинг тавсиялари билан ўртоқлашди.

COVID-19 ҳомиладор аёллар учун хавфлими?

Коронавирус жуда юқумли вирусли касаллик ҳисобланади ва ҳомиладор аёлларда оддий одамларга қараганда уни юқтиришга мойиллик кўпроқ. Бунга сабаб бўлажак оналарда ҳомиладорлик туфайли иммунитет пасайиб кетади. Бугунги кунда Қозоғистонда 1000га яқин ҳомиладор аёллар коронавирусга чалинганлик ташхиси билан рўйхатга олинган. Касаллик юқтирганлар орасида ҳомиладорликнинг турли босқичида бўлганлар бор: кимдир илк босқичда, кимдир ўрта босқичда, кимдир эса яқин кунларда она бўлиш арафасида. Бундан ташқари, Қозоғистонда коронавирус юқтирган юздан ошиқ ҳомиладор аёлларнинг аллақачон кўзи ёриган. Туғилган гўдакларнинг 99 фоизида коронавирус йўқ.

Вирус жуда катта деб тахмин қиламиз ва бу унинг ўзига хос хусусияти. У йўлдош тўсиғи орқали ўта олмайди, аниқроғи уни кесиб ўта олмайди ва шу туфайли ҳомила ҳимояланади. Шу жиҳатдан коронавирус ҳомиладор аёллар учун гриппга қараганда камроқ хавфли. COVID-19 парранда ёки чўчқа гриппига қараганда ҳам анча кам таъсир қилади. Албатта, биз ушбу хусусиятни биринчи бўлиб кўрган хитойлик ҳамкасбларимизнинг тажрибасидан келиб чиқиб билдиряпмиз. Шунингдек, биз Италия ва Испания шифокорларининг амалиётини ҳам чуқур ўргандик.

Ҳозир анча тажриба тўпладик. Бугунги кунда ушбу тажрибани тўплай бошлаганимизга энди 6-7 ой бўлмоқда. Шунинг учун, биз ҳали ҳам COVID-19 шароитида она қорнида бўлган болаларнинг ўзини қандай тутишини билмаймиз. Мамлакатимизда коронавирус билан касалланган илк болалар 2021 йил бошида туғилиши мумкин.

Пандемия шароитида ҳомиладор бўлиш керакми?

Ҳозир осон вақт эмас. Пандемия тарқалиши шароитида соғлиқни сақлаш тизимига жуда катта юк тушяпти. Агар ҳомиладорликда қандайдир хавф туғилса, бўлажак оналар ёрдам сўраб мурожаат қиладиган тайинли жойнинг ўзи йўқ. Ҳамма бугун ўзи билан ўзи овора. Бундай ҳолатда, ҳомиладор бўлиш учун бироз кутиш керак деб ўйлайман. Лекин иккинчи тарафдан айрим аёлларга ҳомиладорликни шунчаки кечиктириш ҳам яхши оқибатларга олиб келмайди.