Фикримизча, айни пайтда қуйидаги тавсияларни амалга ошириш фойдадан холи бўлмайди.

1. Шифокорлар

Касаллик билан курашаётган шифокорлар беморларга бирор дорини тавсия қилаётганларида албатта бу дори топилмаса, қандай аналогларини қабул қилиш кераклигини билдириб кетишлари мақсадга мувофиқ.

«Шифокор қонни суюлтирадиган бир дори ёзиб берганди. Шаҳарнинг ҳамма бурчагига бориб келдик – йўқ, тугаган! Бошқасини қабул қилса бўладими, деб сўрамоқчи бўлсак, энди алоқа йўқ. Уларни ҳам тушуниш керак, тун-у кун ишлашяпти», – дейилади бир мурожаатда.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари, хорижий препаратларнинг аналоглари кенгроқ тушунтирилиши керак, токи беморнинг яқинлари бир дорини излаб вақт йўқотмасинлар. Танқислик вақтида бу жуда муҳим.

2. Кислород берувчи мосламалар

Яна бир мурожаат: «Ота-онам, аммаларим шу касалликка чалиниб қолишди. Ёшлари катта, хавотирланамиз албатта. Кислород бериш зарурати туғилди, оксигенераторлар сотувда йўқ, буюрта бир неча кун, балки ойдан кейин етиб келади. Қўлбола кислород баллонларидан ясалган мосламаларнинг кўплаб қисмларини ҳам излаб топа олмадик. Усталар ўзларича ясашяпти, лекин толомон бўлиб кетяпти».

Бир қарашда уй шароитида қўлбола мосламалардан, айниқса кислород каби ёнувчан газлардан фойдаланиш хавфли. Лекин яқин инсонининг жони оғриб турган одам кўзига бу хавф кўринмайди, нима қилиб бўлса ҳам ёрдам бериш пайига тушади.

Аввало, фаолияти темирчиликка яқин цехларга катта миқдорда кислород баллонлари ва таркибий қисмлар бўйича буюртма бериш керак. Талаб катта, жуда мураккаб маҳсулот эмас, кўплаб иш ўринлари дегани яна. Бу ўринда давлат фақат мувофиқлаштирувчи бўлади холос, харажат талаб қилинмайди. Аҳоли ўз пулига сотиб олишга тайёр. Пандемия кечишига кўра, ҳали бу маҳсулотга талаб сусаймайди.

Шунингдек, кимёгар ва физиклар, умуман соҳа билимдонлари бу мосламалардан уй шароитида қандай фойдаланиш бўйича ОАВ орқали кенг қамровли тушунтиришлар беришлари лозим. Албатта, бу мосламалар қандайдир стандартларга мос эмасдир, фойдаланиш хавфлидир. Лекин вазиятга реал қараш керак – жуда кўпчилик бу мосламалардан фойдаланяпти ва уларнинг бошқа иложи йўқ.

3. ССВ статистикасидаги ўлимлар сони бўйича шубҳалар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тақдим этаётган кундалик ва тезкор статистикага нисбатан ишонч кун сайин сўниб бормоқда. Бу ерда ҳар икки томон ўзича ҳақ – ССВ аниқ ҳужжатлар асосида иш кўради, беморда айнан коронавирусни қайд этувчи тест натижалари бўлсагина рўйхатга киритади. Ўлим сонлари ошаётганини кузатиб турган аҳоли эса ўзи эшитган ҳодисаларга кўпроқ ишонади.