Зеленский автобусдагиларни гаровга олган шахснинг талабини нега бажарганини тушунтирди
Украина президенти Владимир Зеленский Луцк шаҳрида жиноятчи томонидан автобус йўловчиларини гаровга олиниши билан боғлиқ мураккаб вазиятни ҳал қилишда инсонлар жабрланмаслиги учун барча чоралар кўрилганини айтди.
«Олдин унинг талабларига қулоқ тутдик, унинг қанчалик адекват инсон эканини баҳоладик. Биз ҳамма нарсани назоратда ушлаб турдик. Чунки унинг талаблари ноаниқ эди. Буни тушуниб олиш муҳим эди. Сўнгра нафақат бу автобус, балки Луцкдаги бошқа жойлар ҳам миналаштирилгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди», – деди у президент офиси томонидан «Интерфакс-Украина» агентлигига берилган видеоизоҳда.
Зеленский 9 соат давомида террорчи билан ҳамма, психологлардан тортиб, то музокарачиларгача гаплашганини айтди. У ҳаммага таҳдид қилиб, фақат бир нарсани, ўз талабларининг бажарилишини истаган эди.
«Махсус операция ўтказиш таклиф қилинди, аммо унинг қандай якунланиши номаълум эди. Тўғри, тезкор ҳужум қилиш самарали бўларди. Бироқ инсонларнинг ҳалок бўлиш хавфи бор эди», – деди президент.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, у телефон орқали бу инсон билан гаплашиб, гаровдагиларни қўйиб юбориш ҳақида келишиб олишни истаган.
«Менга унинг ҳамма билан атиги 10-15 секунд гаплашаётганини, фақат журналистлар билан бироз узоқ вақт суҳбатлашганини айтишди. У фақат ўз талабларининг бажарилишини истаётганини айтиб, алоқани узиб қўяётган эди», – деди президент.
Зеленский террорчи билан 7-10 дақиқа гаплашган ва гаровдагиларнинг бир нечасини – ярадор, ҳомиладор аёл ва ёш боланинг қўйиб юборилишини келишиб олган.
«У ҳеч ким яраланмагани, бу уйдирма экани, шу туфайли 3 одамни қўйиб юборишини, сўнгра мен видеомурожаат қилишим лозимлигини айтди. Видео ижтимоий тармоқларда чиққанидан сўнг, ярим соат ўтгач ҳаммани озод этишга ваъда берди. Тахминан шундай бўлиб ҳам чиқди, 30-40 дақиқадан кейин у гаровдагиларнинг ҳаммасини қўйиб юборди», – деди президент.
Зеленский ҳеч қандай ҳужумсиз, ҳатто бир одамнинг ҳаётини хавф остига қўймасдан бошқача чора кўришнинг иложи бўлса, шу ишни қилишини, шундай тамойил асосида «яшагани, яшаётгани ва бундан кейин ҳам шу принципга амал қилиши»ни таъкидлади.
«Буни президент бўлиш, аммо инсон сифатида қолиш, дейиш мумкин. Бизда натижа бор – ҳамма тирик. Биз рейтинг учун эмас, ҳаёт учун курашамиз. Бу мен учун энг муҳим қадрият», – деб сўзини якунлади у.
Маълумот учун, Зеленский фейсбукдаги саҳифасида ҳаммани «Ерликлар» (Earthlings) номли фильмни томоша қилишга чақирилган видео-мурожаатини жойлади. Террорчининг талаби айнан шундай эди.
Гаровдагиларнинг ҳаммаси озод этилгач, видео-мурожаат ўчириб ташланди.
Мавзуга оид
14:30 / 09.11.2024
Зеленский РФ билан хавфсизлик кафолатларисиз сулҳ тузишни рад этди
10:42 / 08.11.2024
Зеленский Будапештда РФга ён босмасликка чақирди
09:08 / 08.11.2024
Зеленский: Курск областидаги КХДР аскарлари йўқотишларга дучор бўлмоқда
08:30 / 07.11.2024