Ўзбекистон | 10:07 / 23.07.2020
3267
2 дақиқада ўқилади

Хусусий бандлик агентликлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар учун олинадиган ҳақ миқдори аниқ қилиб белгиланади

Меҳнат ва бандлик муносабатлари вазирлигига хусусий бандлик агентликлари фаолиятини уларнинг молия-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда текшириш ваколати берилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида халқ вакиллари соҳани ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилган — “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда атрофлича муҳокама қилдилар.

Таъкидланганидек, амалдаги қонунда хусусий бандлик агентликлари томонидан фуқароларга ишга жойлаштириш соҳасида кўрсатилган ахборот ва маслаҳат хизматлари учун тўланадиган ҳақ миқдорининг аниқ чегараси белгиланмаганлиги улар томонидан ушбу тyрдаги хизматларни кўрсатиш бўйича турли миқдордаги суммаларнинг белгиланишига сабаб бўлмоқда. 

Шунингдек, хусусий бандлик агентликлари томонидан хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномaларни рўйхатга олиш ва уларнинг бажарилишини назopaт қилиш ҳамда мониторингини амалга оширишнинг шаффоф механизми мавжуд эмас. Мазкур омиллар уларнинг фаолияти тўғрисида аниқ ва ҳаққоний маълумотлар олиш ва таҳлил қилишга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Депутатларнинг қайд этишича, қонун лойиҳасида хусусий бандлик агентликлари томонидан кўрсатиладиган ахборот ва маслаҳат хизматлари учун олинадиган ҳақ миқдори аниқ қилиб белгиланмоқда. Фаолиятнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномаларни реал вақт режимида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг “labor-migration” дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтказиш лозимлиги кўрсатиб ўтилмоқда.

Мамлакатдан ташқарида иш қидираётган шахсларга зарур пайтда ваколатли органлар билан боғланишга доир ахборот-маълумотлар алмашиш тизимини йўлга қўйиш масаласи ҳам қонун лойиҳасида ўз аксини топмоқда. Лойиҳада Меҳнат ва бандлик муносабатлари вазирлигига хусусий бандлик агентликлари фаолиятини уларнинг молия-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда текшириш ваколати берилмоқда.

Депутатларнинг фикрича, киритилаётган ўзгартишлар иш қидираётган шахслар ва уларнинг тақдири ҳақидаги маълумотларнинг реаллашишига, алданишларнинг камайишига хизмат қилади. Шунингдек, хусусий бандлик агентликлари фаолиятининг шаффофлиги ҳам таъминланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид