Ўтган ҳафтада президент суд тизими фаолиятига доир янги фармонни имзолади. Унда тизимни такомиллаштириш, одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилган бир нечта ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар назарда тутилган.

Шу муносабат билан Олий суд раиси ўринбосари Бахтиёр Исоқовга қатор саволлар билан мурожаат қилдик.

– «Бир суд – бир инстанция» тамойилини қандай тушуниш керак?

Ҳақиқатдан ҳам, фармонда фуқаролар ва юридик шахсларга қулайлик яратиш ва улар оворагарчилигининг олдини олиш мақсадида 2021 йил 1 январдан бошлаб суд тизимига «бир суд – бир инстанция» тамойилини жорий этиш ва шу билан боғлиқ суд тизимида бир қатор ташкилий-тузилмавий ўзгаришларни амалга ошириш белгиланди.

Шунингдек, судларда ишни кўриб чиқиш босқичлари янада соддалаштириш орқали самарали суд тизимни яратиш кўрсатиб ўтилди. Хусусан:

  • суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатиш;
  • туман судларининг қарорларини вилоят судлари томонидан, вилоят судларининг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Олий суднинг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида кўриб чиқиш;
  • апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Олий суд судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқиш;
  • Олий суд судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларини Олий суди раиси, Бош прокурор ва уларнинг ўринбосарларининг протестига кўра кассация тартибида кўриб чиқиш тартиби жорий этилади.

– Илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда, самарали маъмурий одил судлов тизимини яратиш ҳам белгиланган. Хорижий тажриба, халқаро стандартлар деганда нималар назарда тутилган? Қандай ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда?

Бугунги кунга қадар маъмурий судларимиз маъмурий-ҳуқуқбузарликка доир ишларни кўриб чиқаётган эди. Эндиликда, мазкур фармон билан маъмурий ҳуқуқбузарликка доир ишлар жиноий ишлар бўйича судларга ўтказиладиган бўлди.