Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг “Ўзбекистон Республикаси визаларини расмийлаштириш ва бериш тартиби тўғрисидаги Йўриқномани тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи лойиҳаси эълон қилинди.
Чет эл фуқароларига Ўзбекистон Республикасига кириш визалари хорижий муассасалар, ТИВнинг ҳудудий бўлинмалари ва ТИВнинг аэропортлардаги бўлинмалари томонидан расмийлаштирилади.
Хорижий муассаса бўлмаган ҳолларда, Ўзбекистон Республикасига кириш визаси муайян консуллик функцияларини бажариш тўғрисида ТИВнинг икки томонлама битими мавжуд бўлган бошқа давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ёки консуллик муассасалари томонидан расмийлаштирилиши мумкин.
ТИВ ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан чет эл фуқароларининг қуйидаги тоифалари учун Ўзбекистон Республикасидан чиқиш (кириш-чиқиш) визаларининг берилиши ва амал қилиш муддатини узайтирилиши амалга оширилади:
а) ТИВда аккредитация қилинган хорижий давлатларнинг доимий ваколатхоналари, халқаро ҳукуматлараро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг ҳукумат ташкилотлари ваколатхоналари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилган халқаро ва хорижий нодавлат (ҳукуматга қарашли бўлмаган) нотижорат ташкилотларнинг ваколатхоналари ва филиаллари ходимларига (ва уларнинг қарамоғида бўлган уларнинг оила аъзоларига), шунингдек ТИВда аккредитация қилинган матбуот вакилларига ва уларнинг қарамоғида бўлган уларнинг оила аъзоларига;
б) расмий ва парламент делегациялари аъзоларига;
в) дипломатик мақомга эга бошқа шахсларга;
г) мазкур банднинг “а” кичик бандида кўрсатилган чет эл фуқароларининг таклифи бўйича келганларга, бироқ кўпи билан 2 марта келганларга.
Виза муддатини узайтириш, янгиланган амал қилиш муддатли виза бериш йўли билан, шунингдек, чет эл фуқароси аккредитациядан ўтган ҳолда эса, виза турини ўзгартириш йўли билан амалга оширилади.
Мазкур банднинг “а” кичик бандида кўрсатилган чет эл фуқаролари оила аъзоларининг аккредитация муддати, улар 18 ёшга тўлганлиги муносабати билан тугагандан сўнг, паспорт туридан қатъий назар, виза ТИВ томонидан, уларнинг ота-оналари (ёки васийлари)нинг аккредитация муддатига мос равишда узайтирилади.
90 кунгача бўлган муддатга берилган кўп марталик визалар Йўриқноманинг 2-банди “а” кичик бандида кўрсатилган чет эл фуқароларига хорижий муассасалар, ТИВнинг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, ТИВнинг аэропортлардаги бўлинмалари томонидан берилади ва улар кейинчалик ТИВ томонидан аккредитация муддатига, Йўриқноманинг 3-банди “б”, “в” ва “г” кичик бандларида кўрсатилган бошқа фуқароларга – бир йилгача муддатга узайтирилади.














