Навбатдаги меҳмонимиз – олий тоифали врач кардиолог, нутрициолог, тиббиёт фанлари номзоди Гулбаҳор Эшонхўжаева.

– Гулбаҳор Раҳматуллаевна, афсуски муҳим соҳа бўлса-да, нутрициология фани нималигини кўпчилик билмайди. Аввало шу ҳақда озгина тушунтириш бериб кетсангиз.

– Кўп йиллар кардиология-реабилитация соҳасида ишлаган бўлсам-да, юрак-қон томир касалликларини, қандли диабет ривожланишининг асосий сабабчиси бўлган, XXI асрнинг инфекцион бўлмаган пандемияси – ортиқча вазн, семизлик муаммоларини даволашда овқатланиш муҳим экани сабабли, нутрицологияни чуқурроқ ўрганишга тўғри келди.

Нутрициология (юнонча «озуқа илми») – бу овқатланишнинг турли жиҳатлари ҳақидаги фан бўлиб, инсонни овқат танлаш сабабларини ўрганишдан тортиб, овқатнинг таркиби, овқатланиш жараёни, ҳужайра ичидаги озиқланиш механизмлари, ҳар хил турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг ўзаро ва организм саломатлигига таъсирини ўрганади.

Рационал овқатланиш – даволашнинг мустақил омили бўлиб, даволаниш натижаларини, қисқа ва узоқ муддатли прогнозни яхшилайди ва асоратларни камайтиради.

COVID-19'га чалинган хасталарнинг овқатланиши бўйича тузилган халқаро амалий қўлланмада ҳам етарли миқдорда оқсил қабул қилишга катта аҳамият берилади. Кунига камида 70-120 г оқсил истеъмол қилиш кераклиги таъкидланади.

Сут, қатиқ, творог, пишлоқ, ўсимликлардан қўзиқорин, нўхат, ловия, мош, бодом каби маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилиш керак. Айниқса, тухум ва гўшт, туёқ, парранда, балиқ маҳсулотларида тана учун керакли бўлган барча аминокислоталар мавжуд ва улар тўлиқ ўзлаштирилади.

Ширинлик ва пишириқларни, хамирли, углеводга бой таомларни камроқ истеъмол қилиш маъқул кўрилади.

Коронавирус инфекциясида пневмония ривожланиши натижасида диафрагманинг пастга тушиши қориннинг шишишига олиб келади, шунинг учун беморларга оз миқдорда, лекин тез-тез овқатланиш тавсия этилади.

Касалликдан тикланишда, кўп ҳолларда, овқат таъмини билмаслик, иштаҳа йўқлиги кузатилади. Шундай пайтда халқ табобатида қўлланилган бодом аталаси тикланишга жуда яхши ёрдам беради. Енгил оқсил манбайи бўлган шифобахш ва енгил ҳазм бўладиган бу таомни эрталабки нонуштага тавсия этаман.

Енгил ҳазм бўлувчи овқатлардан товуқ гўштли, мол гўштли қайнатма шўрвалар, қиймали мастава ичишни маслаҳат бераман.