Беларусда 9 август куни ҳисоб бўйича олтинчи марта президентлик сайловлари ўтказилади - Минскдагилар эса ҳар сафарги сайловларда «Москванинг қўлини» излайди. Аммо авваллари бу «қўл»ни Кремль Александр Лукашенконинг абадий президентлигини қўллаб-қувватламоқчилигини иддао қилган мухолифатчилар излашган бўлса, бу сафар вазият тубдан ўзгарган.

«Москванинг қўли» - кундан кунга даҳшатли тус олмоқда - Ғарбни ҳам, олтинчи марта президентликка сайланмоқчи бўлаётган Александр Лукашенконинг электоратини ҳам қўрқитмоқда.

«Белгазпромбанк»ни «фош этишди». Газ учун қарз эса ўсишда давом этмоқда
Расмий Минск сайловолди кампанияси аввалида Москва беларусларнинг барқарорлигига чанг солаётгани ва «Газпром»нинг «қўғирчоқлари» қўлга олинганини маълум қилганди. Бу баёнот «Белгазпромбанк» Виктор Бабарико Беларус президентлиги учун сайловга номзодини қўйишга қарор қилганидан кейин берилди.

Бабарико 18 июнь куни Беларус Давлат хавфсизлиги қўмитаси (КГБ) изоляторига жойлаштирилди; у солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, порахўрлик (йирик миқдорда пора бериш) ва пул ювишда айбланди. Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар эса Виктор Бабарико ва у билан бирга қўлга олинганлар, жумладан, унинг ўғли Эдуард Бабарико ҳамда Бабариконинг марҳум рафиқасининг дугонаси Светлана Купреевани сиёсий маҳбуслар деб аташмоқда. У билан ишлайдиган 20 нафарга яқин банк менежерлари ва компаниялар ходимлари қўлга олинган.

«Белгазпромбанк» акцияларининг 99 фоизи Россиянинг «Газпром» компанияси қошида очилган «Газпромбанк»га тегишли ҳисобланади, ушбу банк ҳам солиқ фирибгарликлари ва бошқа иқтисодий жиноятларда айбланган.

Беларусь: Бабарико сайловга қўйилмади. У Лукашенконинг асосий рақиби бўлиши кутилганди

Беларуснинг Россия томонидан етказиб берилган газ учун қарзи банк атрофидаги можаролар бошланган май ойи охиридан буён 165,6 млн доллардан 273 млн долларгача (июнь ойи охиридаги ҳолат) етди. Россия бир йилдан ошиқ вақтдан бери қарзини сўрамаяпти ва шу билан биргаликда ҳеч қандай ёрдам ҳам ваъда қилаётгани йўқ.

«Ҳозирда Беларусь иқтисодиётида содир бўлаётган барча ёмон ишларга албатта Кремль айбдор. Кремль арзон газ йўқлигига, нефть манёврлари учун компенсацияга, экспорт ҳажми тушишига, бюджет тақчиллигига, иқтисодиёт турғунлиги ва иш ҳақи оширилиши бўйича ваъдалар бажарилмагани учун айбдор», дея истеҳзо қилган Мизеса тадқиқот маркази раҳбари Ярослав Романчук.