Пентагон раҳбари Марк Эспер шу ҳафтада аввалроқ президент Трамп айтган гапларни тасдиқлади: Қўшма Штатлар Германиядаги контингентининг бир қисмини олиб чиқади.

Вазирнинг сўзларига кўра, АҚШ Германиядан қарийб 12 минг ҳарбийни олиб кетади, шу билан бирга улардан тахминан 5600 нафари Европада қолиб, Бельгия, Италия, эҳтимол, Польша ва Болтиқ бўйи давлатларига  жойлаштирилади. Қисқартиришдан кейин Германияда яна 24 минг атрофида америкалик ҳарбийлар қолади.

Россия Мудофаа вазирлиги инспектори, генерал-майор Владимир Богатирев «Интерфакс» агентлигига берган интервьюсида Эспернинг сўзларини шарҳлаб, америкалик ҳарбийлар Россия чегаралари бўйлаб жойлаштирилгудек бўлса, албатта жавоб қайтарилиши, бу жавоб «Шарқий Европа давлатлари билан чегараларга максимал даражада яқин масофада энг замонавий оғир қуроллар ҳамда ҳарбий қисмлар жойлаштирилиши»ни ўз ичига олишини айтди.

«Кремлга совға»
Эстониядаги мудофаа тадқиқотлари маркази таҳлилчиси, собиқ юқори мартабали дипломат ва мамлакат мудофаа вазирлигининг собиқ амалдори Калев Стойческу ҳам бошқа кўплаб европалик таҳлилчилар каби Дональд Трампнинг бу қарори ҳар қанақасига Европадаги НАТО давлатлари хавфсизлигига путур етказади, деган фикрда.

«Гап қандайдир кичик қисм, айтайлик, минг ёки икки минг киши ҳақида кетаётган бўлса ҳам, бу барибир спекуляция - Германиядан Польшага ва Болтиқ бўйи давлатларига ҳарбийларни кўчириш, барибир умумий картина муҳим. Ҳа, биз ўзимизда америкаликлар ва Америка байроғини кўришдан хурсанд бўламиз, аммо бу марказий ролни ўйнайдиган коллектив мудофаанинг умумий тузилишини заифлаштиради», - деган Стойческу BBC рус хизматига.

Америкаликлар доимий равишда Шарқий Европадаги ҳарбийлар билан қўшма машғулотлар ўтказиб келади.
Фотода: америкалик аскар Болтиқ денгизидаги BALTOPS йиғинида

АҚШнинг Европадаги ҳарбийларининг собиқ қўмондони, истеъфодаги армия генерали Бен Ҳожес «Deutsche Welle»га берган интервьюсида Трампнинг қарорини «Кремль учун улкан совға» деб атади: унинг фикрича, бу қадам Европада АҚШга бўлган ишончга путур етказади ва АҚШнинг минтақадаги бошқа амалиётлар учун плацдарм вазифасини ўтаб келаётган Германиядаги позицияларини жиддий даражада кучсизлантиради.

Стойческу Дональд Трамп Германиядан ҳарбий контингентни олиб чиқиш ҳақида қарорни иттифоқчилар билан маслаҳатлашмасдан қабул қилиш орқали НАТОнинг коллектив манфаатларидан йироқдалигини кўрсатиб қўйганини таъкидлаган.