Жаҳон | 01:41 / 03.08.2020
4472
2 дақиқада ўқилади

Siemens АҚШнинг фармацевтика компаниясини 16,4 миллиард долларга сотиб олади

Фото: Getty Images

Siemens компаниясининг тиббий воситалар ишлаб чиқарувчи бўлинмаси Siemens Healthineers (SH) АҚШнинг Varian Medical Systems фармацевтика компаниясининг барча акциясини сотиб олиш бўйича келишувга эришди. 

Немис компанияси Varian’нинг ҳар бир акцияси учун 177,5 доллар тўлайди, бу эса акцияларнинг 31 июлдаги савдолар ёпилишидан олдинги нархидан 24 фоиз кўпроқни ташкил қилади. Умумий ҳисобда битим 16,4 млрд долларга баҳоланмоқда. 

Varian саратон касалликларини даволаш учун дори воситалари ишлаб чиқаришда дунё етакчиси ҳисобланади. Дунёда саратондан касалланишлар сони тобора ортаётгани сабабли, немис компанияси Varian’ни харид қилишга катта ўсиш салоҳиятига эга актив сифатида қарамоқда. Немис компанияси учун бу 20 млрд долларлик ҳажмга эга бозорнинг ҳар йили 6-10 фоизга ўсишини англатади.

“Ушбу келишув эвазига биз кардиология ва неврологияга қўшимча равишда онкологиядаги позицияларимизни ҳам мустаҳкамлаймиз”, деб айтган SH’нинг бош молиявий директори Йохен Шмитц.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид