Айниқса коронавирусга қарши кураш бўйича вазиятга боғлиқ сўнгги матбуот анжуманида республиканинг етакчи олимлари, баланд мартабали ва амалли шифокорлар, профессорлар ёппасига бу дорини ёқлаб чиққанлари жуда ажойиб бўлди.

Жаҳон олимлари бу борада бир фикрга кела олмай, тадқиқотларни давом эттираётган бир пайтда, бизнинг амалдор шифокорлар якдил хулосага келиб бўлишганини, энди ортга йўл йўқлигини яхшилаб англатиб қўйишди.
Бу дори қўлланишига қарши чиққанлар Ўзбекистонда ҳам бор эди. Аммо уларнинг овози пасайтирилди, ўзлари эса ҳатто «бирорта беморнинг пульсини ушлаб кўрмаган, амалиётдан йироқ назариячилар» дея баҳоланди.
Аслида, маҳсулотни ҳамиша харидор танлайди. Бироқ маблағни жалб этиши бўйича ҳар қандай маҳсулот билан беллаша оладиган ва енгиб юборишга қодир дори воситаларининг йўриғи бошқачароқ. Жони оғриб турган, айниқса бугунги пандемия даврида, ваҳималар урчиб турган пайтда ҳар кўзга умид билан тикилаётган бемор учун шифокорнинг сўзи қонун даражасига чиқади. Агар даволовчи шифокор «Плаквенил»ни қабул қилишни буюрса, бемор шу пайтга қадар бу дори ҳақида минг хил гап эшитган бўлса ҳам, йўқ дея олмайди. Сабаби – тиб ходимлари танқис бўлиб турган бир пайтда қатъий талабни рад этиш ақлга сиғмайди, бундай қилинган тақдирда ҳам шифокордан жавобгарлик соқит қилингандай бўлади. Яъни «айтганимни қилмадинг, соғайишингга кафолат бера олмайман...» деган писанда қилиниши эҳтимоли бор.
















