Мазкур ролик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан кулгу ва масхара қилинди. Ҳатто уни турлича талқин қилиб, масхара қилувчилар ҳам топилди. Мактабгача таълим вазирлиги эса видеоролик юзасидан муносабат билдириб, уни тайёрлаган Наманган вилояти, Чортоқ туманидаги 7-сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбиячисини касбий этика қоидаларини бузганликда айблади ва унга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилганини (айнан қандай жазо тури танлангани айтилмаган) маълум қилди.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг бир қисми “хайп”га ўч ва бешафқатлиги маълум ва машҳур. Бироқ, мактабгача таълим вазирлигининг қабул қилган қарори йиқилганни устидан тепкилаш бўлди, десак адашмаган бўламиз. Бундай дейишга эса етарлича асосларимиз бор.
Ҳуқуқий меъёрлар нима дейди?
Вазирлик баёнотида 15 июль куни уй шароитида видеомашғулот ёзиб олаётиб, Ҳ.Н. ўз фарзандларини тарбиячи касбий этикасига зид равишда – қўпол тарзда койиб ташлагани, кейинчалик бу лавҳа видеомашғулот ўрнига, янглиш равишда МТТ «Телеграм» гуруҳига жойлангани ва тезда ўчириб ташлангани айтилади.
43 сониялик видеороликнинг 34 сониясигача, ёш боланинг баланд овозда қўшиқ хиргойи қилгани эшитилгунга қадар тарбиячи хотиржамлик ва мулойимлик билан дарс ўтмоқда. Фақатгина сўнгги сонияларда кутилмаганда бола овози видеога қўшилиб кетади. Тарбиячи бундан асабийлашиб, ҳиссий мувозанатини йўқотади ва фарзандини қўпол тарзда койиб ташлайди.
Тарбиячининг ушбу ҳаракатлари иш берувчи томонидан касбий этика қоидаларини бузиш, деб топилади.
Вазирлик маълумотида ушбу тарбиячи мактабгача таълим тизимида бир неча йилдан бери ишлаб келаётгани, ўтган давр мобайнида ҳеч қандай ножўя ҳаракатлар содир этмагани ва иш берувчи томонидан ижобий таърифлангани айтилади.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 182-моддаси учинчи қисмига мувофиқ интизомий жазони қўлланишида содир этилган ножўя хатти-ҳаракатнинг қай даражада оғир эканлиги, шу хатти-ҳаракат содир этилган вазият, ходимнинг олдинги иши ва хулқ-атвори ҳисобга олинади.
Шундай экан, жазо қўллашдан аввал тарбиячи содир этган қилмишнинг оғирлик даражаси баҳоланиши керак эди. Бу вазиятда иш берувчи томонидан тарбиячи ўз фарзандига бақиргани, онанинг ўз фарзандига ўз уйида бақиргани касбий этикани бузиш эмаслиги, бундан ташқари, видеонинг айнан шу версияси телеграм гуруҳига янглиш жойлаштирилгани ва кейинчалик у ўчирилиб, хато бартараф этилгани инобатга олинмаган. Шунчаки, жамоатчиликка “муносиб” жавоб тақдим этилиши учун тарбиячи кўр-кўрона жазолаб қўйилган, холос.

















