Жамият | 16:32 / 11.08.2020
10043
2 дақиқада ўқилади

Маҳалла раисларининг мутахассислиги ҳақида маълумот берилди

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот котиби Саодат Боймирзаева маҳалла фуқаролар йиғини раисларининг маълумоти ва мутахассислиги ҳақида ахборот берди.

Маълум қилинишича, 2019 йил ойида 9093та фуқаролар йиғинида раислик учун ўтказилган сайловларда 8068 нафар эркак, 1025 нафар аёл сайланган.

«Маҳалла фуқаролар йиғини раисларининг 5239 нафари олий, 3620 нафари ўрта махсус, 234 нафари ўрта маълумотга эга. Раисларнинг 164 нафари тегишли вилоят, туман/шаҳар кенгашлари депутатлари ҳисобланади.

МФЙ раисларининг 791 нафари таълим, 35 нафари маҳаллий ҳокимият, 5189 нафари маҳалла, 787 нафари тадбиркорлик, 396 нафари ҳуқуқни муҳофаза қилиш, 45 нафари соғлиқни сақлаш, 94 нафари нодавлат-нотижорат ташкилотлари, 294 нафари қишлоқ хўжалиги, 343 нафари фермер хўжалиги, 225 нафари ишлаб чиқариш, 54 нафари қуролли кучлар, 13 нафари тижорат банки, 727 нафари бошқа соҳа вакилларидир», деди Боймирзаева АОКАдаги брифингда.

Вазирлик расмийсига кўра, ҳозирда республикада маҳалла фуқаролар йиғини сони ўтган йилгига қараганда 57тага ошиб, 9150тага етган.

«Ҳозирда маҳалла фуқаролар йиғинлари сони 9150тага етган. Турли сабабларга кўра ва ўз хоҳиши билан лавозимидан кетган раислар ўрнига тегишли тартибда ўтказилган сайловлар натижасида бошқа вакиллар қўйилган», деди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилгандан бери 300 нафарга яқин МФЙ раиси ишдан бўшатилгани айтилган эди.

Мавзуга оид