Сўровнома иштирокчиларидан бири геология соҳасида таълим олган. Ҳозирда у курер бўлиб ишлайди, ойига 3 млн сўмдан кам маош олади ва ўз ишидан қониқиш даражасини 10 баллдан 1 балл деб баҳолаган.

У магистратурани битирмоқда, аммо мутахассислиги бўйича ҳозирча иш топа олмаган. Ўзининг айтишича, дастлабки даврда бепул ишлашга тайёрлиги ҳам унга ёрдам бермаган.

Бу сўровномадаги энг кескин мисоллардан бири. Бироқ бошқа иштирокчилар ҳам шунга ўхшаш муаммоларни айтишган: бўш иш ўринлари кам, иш берувчилар тажриба талаб қилади, университетдаги билим эса доим ҳам амалдаги иш талабларига мос эмас.

Сўровномада қатнашган 307 нафар иштирокчининг 146 нафари ҳозирда ишламоқда, бизнес юритмоқда, амалиёт ўтамоқда ёки ўзини ўзи банд қилган. Яна 89 нафари эса иш қидирмоқда.

Background+Border
Сўровнома барча битирувчилар орасидаги ишсизлик даражасини кўрсатмайди. Иштирокчилар сўровномада ихтиёрий қатнашган, шунинг учун ишга жойлашишда муаммога дуч келганлар бошқаларга нисбатан фаолроқ иштирок этган бўлиши мумкин. Бироқ натижалар университет ва илк иш ўртасидаги тафовут қаерда юзага келаётганини кўрсатиш имконини беради.

Университет диплом беради, лекин доим ҳам ишга тайёрламайди

Иштирокчиларнинг ярмидан сал кўпроғи университет уларни ҳақиқий ишга қай даражада яхши тайёрлаганини салбий баҳолаган. 42 фоиз иштирокчи эса ижобий баҳо берган.

Background+Border-1
Диплом ишлаётган иштирокчиларга карерасини бошлашда ёрдам берган асосий омиллардан бири бўлиб қолмоқда.

Муаммо, эҳтимол, бошқа нарсада. Университет малакани тасдиқлайди, аммо доим ҳам иш берувчи кўришни кутаётган тажриба ва кўникмаларни бермайди.

Иштирокчилар эркин жавобларда рус ва инглиз тилларини билиш, Excel, 1С, Power BI, SQL дастурларидан фойдаланиш, мулоқот, сотувлар, ҳужжатлар билан ишлаш ва музокаралар олиб бориш каби кўникмаларни тилга олган. Кўпчилик бу кўникмаларни мустақил равишда, курсларда, амалиёт жараёнида ёки ишга жойлашганидан кейин ўзлаштирган.

Биринчи иш кўпинча ўқишни битиргунча бошланади

Энг сезиларли фарқ ўқиш давридаёқ мутахассислиги бўйича ишлай бошлаганлар ва умуман ишламаганлар ўртасида кузатилди.

Мутахассислиги бўйича иш тажрибасига эга иштирокчиларнинг қарийб учдан икки қисми ҳозирда ишламоқда. Ўқиш даврида ишламаганлар орасида ишлаётганлар улуши учдан бир қисмдан бироз кўпроқни ташкил этади.