Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг тил масалалари бўйича маслаҳатчиси Нурулла Абдуллаев «COSCOM» МЧЖ бош директори Владимир Кравченко билан суҳбат уюштирди. Маълум бўлишича, Ucell раҳбари – давлат тили мавқейини мустаҳкамлаш чоралари тарафдори, ўзи ҳам ўзбек тилида равон гапира олади, иш юритишни давлат тилида олиб боришга ҳаракат қилади.

− Ўзбек тилини қачон ва қаерда ўргангансиз? Ўз хоҳишингиз биланми ёки мажбурият юзасиданми?

− Ўзбек тилини болаликда, «Тўқимачи» маҳалласидаги дўстларим билан бирга ўйнаб, мулоқот қилиб ўрганганман.

Мен рус мактабида ўқиганман. 9-синфгача ўзбек тилини унчалик яхши билмасдим. Албатта, тенгдошларим, маҳалладаги ўртоқларим билан гаплаша олардим. Аммо болаликдан ўзбек тилини ҳозирги даражада билади, деб ўйламанг.

Болаликда ўзбек тилида жудаям содда даражада гаплашардим. Фикрларимни эркин ифодалар, ўзимни тушунтира олардим.

Ўзбек тилини Ислом университети қошидаги академик лицейга кириш учун тайёргарлик кўриш жараёнида пухта ўрганганман. У ерда рус гуруҳлари йўқ эди ва тилни яхшилаб ўрганишга тўғри келди. Адабий ўзбек тилида сўзлашишни эса лицейда ўқиётганимда ўргандим.

Ўзбек тилини яхшироқ ўрганишимга адабиётшунос олим, Тошкент Ислом университети қошидаги академик лицейнинг ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси Омонулла Мадаев сабабчи бўлган. У менга худди ўзбек ўқувчиларга қарагандай қарарди. «Алпомиш» достонини худди бошқалар сингари ёддан айттирарди, ёнимни олиб, бошқалардан ажратмасди. Биз улар билан ҳатто Фарғона водийсига бориб, гуллаган ўрикларнинг соясида бахшилар мусобақаларини эшитганмиз.

Омонулла аканинг яхши маънода талабчанлиги ва ўзимнинг тиришқоқлигим билан мен бир йилда ўзбек тилидаги билимимни ва даражамни анча яхшилаб олдим. Мадаев менинг тақдиримда катта роль ўйнаган. Руҳлари шод бўлсин. Доим: «Сен кўпроқ шуғулланишинг, кўпроқ гапиришинг керак, сенга рус бўлганинг учун енгиллик бермайман» деб такрор-такрор айтарди. Шундай қилиб, уч йил давомида ўзбек дўстларим билан ўқиб, ўргандим, ўзбек тили муҳитига шўнғиб кетдим.

Академик лицейдан сўнг мен Вестминстер университетига кирдим ва инглиз тилини чуқур ўргана бошладим.

− Бошқа миллат вакили сифатида бугун Ўзбекистонда давлат тилининг мавқеини янада мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга фикрингиз?

− Бир қанча вақт олдин мунозараларга сабаб бўлган ҳужжатларни тайёрлаш бўйича тартибни айтиб ўтишим мумкин.