Ўзбекистон | 16:55 / 19.08.2020
7338
3 дақиқада ўқилади

Хусусий олий таълим муассасаси очмоқчи бўлганлар учун акция эълон қилиш таклифи берилди

Республика олий таълим кенгаши аъзоси Хушнудбек Худойбердиев хусусий олий таълим муассасалари очиш истагида бўлган тадбиркорларни рағбатлантириш учун давлат томонидан акция эълон қилиш таклифини берди.

Фото: Сенат матбуот хизмати

«Давлат узоқ йиллар хусусий олий таълимга қарши бўлиб келган. Ҳамма нарсани давлат ўз назоратига олади, ҳаммасини давлат ўқитади, дейилган. Хусусий олий таълимга душмандек қаралган. Давлат на ўзи эплай олган, на талабалар контрактини харажатларни қоплайдиган даражада белгилашга рухсат берган, на етмаётган суммани ўзи ошиғи билан тўлаб берган, на ўзим ўқитаман, бозор шароитида зўр сифат қиламан деган тадбиркорга рухсат берган.

Ҳозир хусусий олий таълим муассасалари анча кўпайди. Бу пандемия шароити бўлгани учун кузатиляпти. Аммо пандемия ўткинчи давр. Жуда кўп ресурсни пандемия давридаги муаммоларга қаратяпмиз. Пандемия ўтиб кетгач, яна ўзимизнинг эски муаммоларимиз билан қоламиз.

Хусусий олий таълим муассасалари учун давлат акция эълон қилсин. Худди мактабгача таълим ташкилотлари учун қилинганидек. Ким хусусий олий таълим муассасаси очмоқчи бўлса, давлат мана бундай имтиёзлар, имкониятлар беради, деб эълон қилинсин. Керак бўлса, бўш турган коллеж бинолари ажратиб берилсин. Бу оммавий, очиқ бўлиши керак.

10та, 100та ёки 1000та талабгор келиши мумкин. Уларнинг қанчаси эплаб кетишини билмаймиз. Лекин ҳозирги ботқоқдан чиқиб кетиш учун бизга қўшимча кучлар керак. Давлат фақат «мен-мен» деб, эплай олмаяпти. Биз жуда бой давлат ҳам эмасмиз. Шунинг учун ёрдамчи кучлар – тадбиркорлар ва хусусий сектордан фойдаланиш лозим», деди Худойбердиев Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг олий таълим тизимидаги муаммолар муҳокамасига бағишланган давра суҳбатида.

Ҳуқуқшунос ҳозирда хусусий олий таълим муассасаси очмоқчи бўлганлар учун қатор бюрократик тўсиқлар мавжудлигини қайд этиб ўтди.

«Ҳозир бу жараённи осон деганимиз билан саволлар кўп. Тадбиркор инспекцияга борса, рад жавобини олади, Вазирлар Маҳкамаси қарори учун қаерга бориш кераклигини билмайди. Вазирлик менинг ваколатим эмас, дейди. Хуллас, бир дунё эшикка бориши керак. Агар акция ташкил қилсак, анча-мунча фойдаси тегади», дея Хушнудбек Худойбердиевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Аввалроқ ҳуқуқшунос олий таълим муассасаларининг харажатлари ректорлар томонидан очиқ эълон қилиши лозимлигини айтгани хабар қилинган эди.

Мавзуга оид