Жаҳон | 01:32 / 21.08.2020
7784
1 дақиқада ўқилади

Малида вақтинчалик президент тайинланади

Ҳарбий қўзғолон юз берган Малида раҳбарлик вазифаларини махсус тайинланган президент бажаради. Бу ҳақда қўзғолонни амалга оширган ҳарбийлар маълум қилган. Уларнинг баёнотида вақтинчалик президент ҳарбий билан қаторда фуқаро шахси бўлиши мумкинлиги айтиб ўтилган.

Фото: AP

“Биз ўтиш вақти президенти билан ўтиш кенгаши ташкил этмоқчимиз. Биз бу ўтишни бошлаш учун фуқаролик жамияти, мухолиф партиялар, сиёсий кўпчилик, бутун дунё билан алоқада бўлиб турибмиз”, деб маълум қилган қўзғолончилар вакили полковник Исмоил Ваг.

Аввалроқ Малида ҳарбийлар томонидан пойтахт Бамако яқинидаги ҳарбий базада қўзғолон кўтарилган. Унинг давомида ҳарбийлар президент Иброҳим Бубакар Кейта ва бош вазир Бубу Сиссени ҳибсга олишган. Кейинроқ президент истеъфога чиқишини ва парламент ҳамда ҳукумат тарқатилиб юборилишини эълон қилган.

Ҳарбийлар мамлакатда умумий сайловларга олиб келувчи сиёсий ўзгаришларни амалга оширишга чақиришган, чегаралар ёпилиши ва комендантлик соати киритилишини эълон қилишган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид