Парижнинг энг гўзал ресторанларин,
Битта тандирингга алишмасман мен.

(Муҳаммад Юсуф)

Шоир бежиз оддий тупроқдан ясалган тандиримизни бу даражада кўкларга кўтармаган. Чунки унда ўзбегим мўъжиза деб биладиган, табаррук қилиб кўзига суртадиган нон ёпилади. Ўзбеклар қадимдан нон ёпишда тандирдан фойдаланиб келишган.

Бугунги кунда ҳам тандир халқимиз тарихининг, маданиятининг бир қисми сифатида эъзозланади. Тандир ясаш эса алоҳида ҳунар ва санъат дейишимиз мумкин.

Андижон вилояти Пахтаобод шаҳрининг Юқори маҳалласида яшовчи Юнусовлар оиласи мана бешинчи авлод ота-боболаридан мерос касб ва ҳунар бўлган тандирчилик билан шуғулланиб келмоқда.

Ҳунармандлар хонадонида бўлиб, тандирнинг қандай жараёнлар орқали тайёр бўлишини кузатдик.

Ёши улуғ икки уста Раҳимжон ота ва Мўминжон оталар тандирхонадаги шогирдларга маслаҳат бериб бошчилик қилади. Устахонада 15 нафар киши тандир ясаш билан банд.

«Аждодларимиз 100-200 йиллардан бери ҳунармандчилик ишлари билан шуғулланиб келган. Аввал Юнус кулол отамиз бу ҳунарни бошлаган экан. Опоқдадаларимиз кулолчилик қилиб, идиш-товоқ, халққа керак бўлган кўзалар ясаган. Кейин бизни оталаримизга ҳунар ўтган. Халқ учун тандирни зарурияти катта бўлгани учун тандирчи бўлиб кетганмиз.

Раҳимжон ота Юнусов

Ҳунарни биз олиб қолдик, ўғиллар ўрганди. Мана энди неваралар. Ҳозир 5-6 авлод тандирчилик қиляпти. Тандир – юртга жуда зарур буюм. Шу касбни танлаганимиздан хурсандмиз. Маҳалламиздаги ёшлар чиқиб ҳунар ўрганишади. Атрофимизда ҳамма йигитларни тандирчиликдан хабари бор деса ҳам бўлади. Ҳаммаси шогирд бўлиб ўрганган биздан, ўғилларимиздан. Эл ичидаги ҳурматни ҳунаримиз орқали топдик», – дейди Раҳимжон ота Юнусов.