Жамият | 16:17 / 24.08.2020
9292
3 дақиқада ўқилади

Хитойликлар ўзбекистонлик шифокорларга халқ табобати усулида тайёрланган дориларни етказиб беради

Соғлиқни сақлаш вазирлиги хитойликлар ўзбекистонлик шифокорларни коронавирусдан ҳимоялаш учун халқ табобати усулида тайёрланган дориларни етказиб бериши ҳақида хабар берди.

Айни вақтда Хитойнинг Beizhong Yilin Pharm Tech (Beijing) Co. Ltd. фармацевтика компанияси ҳамда Цзянси анъанавий хитой табобати университетининг 10 нафар шифокор ва мутахассисларидан иборат гуруҳ Ўзбекистонда бўлиб турибди.

«Хитойлик мутахассисларнинг фикрига кўра, анъанавий хитой табобати Ғарб тиббиёти билан биргаликда Covid-19’ни олдини олиш, уни даволаш ва реабилитациясида муҳим аҳамият касб этади. Буни мамлакатнинг бир қатор вилоятларида, биринчи навбатда, янги коронавирус тарқалишининг марказига айланган Хубэйда ўтказилган клиник кузатишлар ҳам тасдиқламоқда», дейилади вазирлик хабарида.

Расмий маълумотларга кўра, Хубэй провинциясида коронавирусга чалинган беморларнинг 91,6 фоизи ва мамлакат бўйлаб эса уларнинг 92,4 фоизининг соғайишида анъанавий хитой табобати ҳам алоҳида аҳамият касб этган.

«Энг қизиғи, коронавирусга қарши курашиш учун Уҳан шаҳрига 42 минг нафар хитой халқ табобати вакиллари сафарбар қилинган бўлса, уларнинг бирортаси ҳам инфекцияни юқтириб олмади.

Бунинг сабаби, биринчидан, ҳимоя воситаларидан тўғри фойдаланишганида бўлса, иккинчидан, халқ табобати усулида тайёрланган дори воситаларини қабул қилганларидадир. Ўзбекистонда Covid-19 билан олдинги сафларда курашаётган тиббиёт ходимлари учун ҳам ушбу дори воситаларини етказиб берамиз», дейди Beizhong Yilin Pharm Tech (Beijing) Co. Ltd. фармацевтика компанияси президенти Сюэжун Линь.

Ўз ўрнида Сюэжун Линь Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов билан мулоқот давомида 4 йўналишда анъанавий хитой табобати усулида тайёрланган дори воситаларини қўллаган ҳолда коронавирус инфекцияси билан курашишни таклиф қилган. Биринчиси – касаллик профилактикасида, иккинчиси – коронавирусни енгил шаклда бошдан ўтказаётган беморларни даволашда, учинчиси – енгил шаклдаги беморларнинг ҳолати оғир ва ўрта оғирга ўтиб кетмаслиги учун парвариш қилишда ва охиргиси – Covid-19’дан соғайганларни реабилитация қилишда. 

Эслатиб ўтамиз, Covid-19 инфекциясига қарши курашишда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, бу борадаги жаҳон тажрибасини амалиётга татбиқ қилиш мақсадида президент топшириғи билан шу кунга қадар Хитой, Россия, АҚШ, Германия, Корея Республикаси, Туркия каби қатор давлатларнинг нуфузли мутахассислари Ўзбекистонга ташриф буюришганди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид