Демак, бу тизимда бирор-бир қарор қабул қилиш узоқни кўра билиш қобилияти ва жуда катта масъулиятни талаб қилади. Биргина нотўғри ташланган қадам йиллар ўтиб қимматга тушиши мумкин.
Аҳамият берганмисиз, нега аксарият ривожланган давлатлар мустақилликнинг илк кунлариданоқ таълим тизимини ислоҳ қилишга жиддий киришишган? Чунки улар таълим узоқ муддатли жараён ва шу билан бирга, келажакка тикилган энг тўғри инвестиция эканини яхши тушунишган.
Сўнгги 2–3 йил ичида Ўзбекистонда ҳам таълим тизимига бошқача ёндашиш зарурлиги долзарб масалага айланди. Тизимдаги камчиликлар, айниқса, қоғозбозлик ва коррупция кескин танқидларга учрай бошлади.
Эҳтимол, мактаб ва олий таълим муассасаларининг шу пайтгача давлат бюджети ҳисобидан яшаб келгани ҳам бунинг сабабларидан биридир. Негаки, бундай тизимда кўпинча сифат эмас, сон кетидан қувилади. Доимий таъминот бўлиб тургани сабабли ўз-ўзидан рақобат муҳити йўқолади, фақат натижа ва ҳисобот учун ишлаш кайфияти кучаяди. Қўпол қилиб айтганда, «мендан кетгунча, эгасига етгунча» қабилида иш тутилади.
Давлат хусусий таълим даргоҳларини кўпайтиришга эътибор қаратаётганда ана шу омилларни ҳам ҳисобга олган бўлса, ажаб эмас. Президент ва ҳукумат вакилларининг сўнгги йилларда қабул қилаётган фармон ва қарорлари асосида хусусий таълим масканларига яратиб берилаётган шарт-шароит бу борадаги ёндашув ўзгариб бораётганига ишора қиляпти.
Жумладан, президентнинг «Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва «Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида давлат-хусусий шериклик асосида давлат умумий ўрта таълим мактабларини ташкил этиш тўғрисида»ги (лойиҳа), Вазирлар Маҳкамасининг «Нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорларида ҳам бундай ташаббус фаол қўллаб-қувватланаётганини кўриш мумкин.
Бундан ташқари, хусусий мактаб очиш учун лицензия олиш жараёнининг соддалаштирилиши, шунингдек, уларга шаҳодатнома ва аттестатларни бериш ҳуқуқи берилиши натижасида нодавлат умумтаълим муассасалари сони 6 бараварга ошиб, 150тага етди.
Хусусий таълим муассасалари очиш бизда аввал ҳам тажрибадан ўтган. Илгари болаларга бошланғич таълим берадиган хусусий боғча-мактаблар бўларди. Табиийки, уларда таълим сифати анча юқори бўлган. Чунки бундай мактаблардаги синфларда ўқувчилар сони нисбатан камроқ бўлар ва бу ҳар бир ўқувчини қамраб олиш имконини берарди.














