Ўзбекистон | 12:36 / 25.08.2020
35271
2 дақиқада ўқилади

Наманганда фуқарони ўғирлаб кетиб, сўнг унга босқинчилик қилган 6 нафар шахс ушланди

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 137-моддаси 2-қисми “в” банди (одам ўғирлаш) ва 164-моддаси 2-қисми “б” банди (босқинчилик) ҳамда 277-моддаси 2-қисми “б” банди (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

2020 йилнинг 11 август куни соат 16:00да 40 ёшли А.К., 39 ёшли Р.К., 23 ёшли А.К., 35 ёшли Б.Б., 33 ёшли С.А. ва 30 ёшли Ж.А. олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳга бирлашиб, Наманган шаҳри И.Каримов кўчасида жойлашган автомашиналарга техник хизмат кўрсатиш устахонасига келишган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, улар ўзганинг мулкини босқинчилик йўли билан қўлга киритиш мақсадида, шу ерда ишловчи ўзларига олдиндан таниш бўлган 28 ёшли Ш.Қ.дан 95.000.000 сўм қарзини беришни талаб қилишиб, ҳеч бир сабабсиз уни баданининг турли жойларига қўли ва оёқлари билан уриб дўппослашган.

Қайд этилишича, сўнг улар Ш.Қ.ни “Жентра” русумли автомашинага юклаб, уни ўғирлаб Наманган шаҳри, Зиёнур кўчасида жойлашган қурилиши тамомланмаган бинога олиб боришиб, у ерда Ш.Қ.га соғлиғи учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, уриб-дўппослаб ёнида бўлган 5.000.000 сўм миқдоридаги пулларини босқинчилик йўли билан қўлга киритишган.

Мазкур ҳолат юзасидан Наманган шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 137-моддаси 2-қисми “в” банди (одам ўғирлаш) ва 164-моддаси 2-қисми “б” банди (босқинчилик) ҳамда 277-моддаси 2-қисми “б” банди (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ушбу жиноятни содир этган барча шахслар ушланиб, жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, уларга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. 

Тергов ҳаракатлари давом этмоқда, дейилади маълумотда.

Мавзуга оид